Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Иқтисод 29/03/2024 Иқтисодиётни барқарор ўстириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди
Иқтисодиётни барқарор ўстириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва тармоқларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, шу жумладан, йирик корхоналарни трансформация қилиш, ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”ни ишга солиш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида соҳа ва тармоқларда иқтисодий фаоллик ошиб бормоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ҳажми 6 фоиздан зиёд ўсиши кутилмоқда. Бунда тадбиркорлик фаол қўллаб-қувватланиши ва қиш мавсумида барқарор энергия ресурслари билан таъминланиши ҳисобига саноат ўсиши қарийб 10 фоизга, экспорт ҳажми 3,5 миллиард долларга етиши муҳим омил бўлмоқда.
Ташқи бозорда рақобат кучайиб бораётган шароитни инобатга олган ҳолда, 2024 йилда бозор иқтисодиёти пойдеворини қуришнинг асосий жараёнларини якунлаб, иқтисодиётни сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага олиб чиқиш, корхоналарнинг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини ошириш талаб этилмоқда.
Шу боис йиғилишда йирик давлат корхоналарининг харажатларини мақбуллаштириш, энергия ресурсларини тежаш борасида қилинаётган ишлар натижадорлиги атрофлича кўриб чиқилди. Дунё бозоридаги мураккаб шароитда экспорт тушумларини ошириш, корхоналарнинг тўлов қобилиятини мустаҳкамлаш, дебитор қарздорлигини камайтириш, харажатлар асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Алоҳида эътибор тармоқ ва ҳудудларнинг экспорт имкониятларини тўла ишга солиш масалаларига қаратилди. Бунинг учун тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқишда қулай ишлаб чиқариш ва логистика занжирларини яратиб бериш, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари ички бозорда нарх-наво барқарорлиги масаласига алоҳида тўхталиб, кундалик истеъмол товарларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, корхоналарнинг қувватини оширишга кўмаклашиш зарурлигини таъкидлади.
Янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳудудлардаги саноат зоналари ҳамда кооперация имкониятларидан кенг фойдаланиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш кераклиги қайд этилди. Асосий эътиборни қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш, иш ўринларини кўпайтиришга қаратиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг