Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 17/01/2017 Иқтисодиётда иш билан бандлар сони 13,29 млн. нафарни ташкил этди
Иқтисодиётда иш билан бандлар сони 13,29 млн. нафарни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Аҳоли бандлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириш ва иқтисодиётнинг юқори барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш иқтисодиётда банд бўлган аҳоли сонининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга ўсишига имкон яратди ва 2016-йилнинг январь-декабрида республикада иш билан бандлар сони 13298,4 минг кишини ташкил этди.

Ўз ўрнида, жами иш билан бандлар таркибида давлат секторида бандлар улуши 17,7 фоизни (2015-йилда 17,9 фоизни ташкил этган), нодавлат секторида 82,3 фоизни (82,1 фоиз) ташкил этди.

Шунингдек, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши учун тўсиқларни бартараф этиш, ҳамда иқтисодиётда давлат улушини камайтиришга қаратилган дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш 2016-йилнинг январь-декабрь даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда иш билан бандлар улушининг жами бандлар сонига нисбатан 78,1 фоизгача (2015-йилда 77,9 фоизни ташкил этган) ўсишига имкон яратди.

Иш билан бандлар сони қуйидаги иқтисодий фаолият турлари бўйича сезиларли даражада ўсган, яъни ташиш ва сақлашда (3,8 фоизга), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда (3,6 фоизга), қурилишда (3,4 фоизга), ахборот ва алоқада (3,1 фоизга) ва савдода (2,7 фоизга).

Иқтисодий фаолият турлари кесимида иш билан бандлар улуши қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 27,7 фоизни, саноатда 13,6 фоизни, савдода 10,9 фоизни, қурилишда 9,5 фоизни, таълимда 8,3 фоизни ташкил этган.

Иш билан бандлар сонининг иқтисодий фаол аҳоли сонидаги улуши 94,8 фоизни, мос равишда республикада ишсизлик даражаси 5,2 фоизни ташкил этган, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг