Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Фарғона водийси иқтисодиётида юқори технологияли тармоқларнинг ўрни таҳлили натижаларини тақдим этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида юқори ва ўрта-юқори технологияли саноат тармоқларининг ривожланишига бағишланган ҳудудий тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Тадқиқот мақсади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлили Фарғона водийсидаги саноат сектори тузилмасини баҳолаш, юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарининг экспорт салоҳиятини аниқлаш ва кадрлар билан таъминлаш ҳолатини ўрганишга қаратилган. Шунингдек, ҳудудда ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ муаммолар ва ўсиш нуқталарига алоҳида эътибор қаратилган.
Таҳлилнинг асосий натижалари: ҳисса ва экспорт
2024 йилда Фарғона водийсида умумий ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат ҳажми 159 триллион сўмни ёки республика ҳажмининг 21,1 фоизини ташкил этди. Шундан, 88 триллион сўм Андижон вилояти, 44,7 триллион сўм Фарғона вилояти, 26,3 триллион сўм Наманган вилояти ҳиссасига тўғри келди.
Айниқса, юқори технологияли ишлаб чиқариш улуши Андижон вилоятида анча юқори бўлиб, улар ҳудуддаги умумий қайта ишлаш саноати ҳажмининг тахминан 64 фоизини таъминлади. Фарғона вилоятида юқори технологияли ишлаб чиқариш улуши 16,6 фоизни, Наманган вилоятида эса 9,5 фоизни ташкил этди.
Фарғона водийсида 13 мингдан ортиқ қайта ишлаш саноат корхоналари фаолият юритмоқда, шулардан 1,1 мингдан ортиғи юқори технологияли сегментга киради. Бундай корхоналарнинг энг кўпи Фарғона ва Андижон вилоятларида жойлашган.
2024 йилда ҳудуддаги юқори технологияли ишлаб чиқариш маҳсулотлари экспорти 688 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан деярли 10 фоизга кўпайган бўлиб, қайта ишлаш саноати умумий экспорт ҳажмининг 34 фоизидан ортиғини ташкил этди. Экспортнинг асосий қисми Андижон вилояти корхоналари ҳиссасига тўғри келди ($575,1 млн), ундан сўнг Фарғона вилояти ($80,9 млн) ва Наманган вилояти ($32,4 млн) жойлашган.
Янги босқичда ривожлантириш йўналишлари. Тахминан 370 та юқори технологияли корхоналар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий йўналишлар аниқланди.
Натижаларга кўра, респондентларнинг 47 фоизи 2024 йилда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошганини билдиришди. Ҳудудлар кесимида ишлаб чиқариш ҳажми ўсган корхоналарнинг энг катта улуши Наманган (57%), ундан кейин Андижон (47%) ва Фарғона (40%) вилоятларига тўғри келди.
Шу билан бирга, корхоналарнинг 42 фоизи 2024 йилда ишлаб чиқариш қувватларига нисбатан паст даражада фаолият юритганини таъкидлашган.
Фарғона водийсида юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришда кадрлар билан таъминлаш ҳали ҳам асосий йўналиш бўлиб қолмоқда
Юқори технологияли соҳани ривожлантиришдаги асосий чекловлардан бири малакали кадрлар етишмовчилиги ҳисобланади. Корхоналарнинг учдан бир қисми (34%) очиқ иш ўринлари мавжудлигини қайд этган, айниқса, муҳандис-технолог мутахассисликлари бўйича. Бу эҳтиёж Наманган вилоятида айниқса, кескин бўлиб, бу ерда деярли ҳар иккинчи корхона бўш лавозимлар мавжудлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, корхоналарнинг 40 фоизидан кўп қисми керакли малакаларга эга мутахассисларни топишда қийинчиликка дуч келмоқда. Талаб энг юқори тоифа — муҳандис-технологлар бўлиб, сўровда қатнашганларнинг 65 фоизи ушбу мутахассисларга юқори эҳтиёж борлигини билдирган. Шунингдек, муҳандис-механиклар ва IT-мутахассислар бўйича ҳам етишмовчилик сақланиб қолмоқда. Бундай вазиятга сабаб сифатида олий ва профессионал таълим муассасалари томонидан бизнес талабларига жавоб берувчи керакли мутахассисликлар бўйича етарли кадрлар тайёрланмаслиги кўрсатилган.
Ўтказилган сўровнома натижасига кўра, юқори технологияли соҳалардаги корхоналар бу муаммони ҳал этиш учун амалий чораларни жорий эта бошлаган. Жумладан, корхоналарнинг 51 фоизи ходимлар малакасини ошириш бўйича ўқув-амалий тренинглар ташкил қилганини билдирган — бундай фаоллик Наманган вилоятида айниқса юқори.
Шу билан бирга, кадрлар тайёрлаш борасидаги муаммоларни бартараф этиш учун тизимли ёндашув зарурлигини таъкидламоқда. Сўровда иштирок этганларнинг 48 фоизи олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таълим сифати оширилиши, таълим дастурлари устидан назорат кучайтирилиши зарурлигини қайд этган.
Ишлаб чиқариш амалиётини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим йўналиш сифатида тилга олинган — 24 фоиз корхона таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш орқали битирувчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш мумкинлигини билдирган.
Корхоналарнинг ҳар тўртинчиси (24%) талабалар иштирокида тармоқ кўргазмалари ташкил этилишини эрта касб танлаш учун муҳим восита сифатида кўрсатган.
Қўшимча равишда, сўровда қатнашганларнинг 21 фоизи амалий лабораториялар ва симуляция марказлари ташкил этиш, шунингдек муҳандис-технологларни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаган. Бу мутахассислар ишлаб чиқаришни модернизация қилишда асосий роль ўйнайди.
Ушбу таклифлар кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда таълим дастурларини юқори технологияли соҳалар талабларига мослаштириш бўйича аниқ институционал кун тартибини шакллантиради.
Хулоса. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўтказган тадқиқот саноатни барқарор ривожлантириш учун ҳудудларда кучли ишлаб чиқариш ва кадрлар базасини шакллантиришнинг муҳимлигини кўрсатди. Ушбу натижалар экспорт салоҳиятини ошириш, таълим тизими билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон иқтисодиётида юқори технологияли сектор фаолиятини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.