Ҳозирги кунда банкнинг тармоқ тизими республикамизнинг деярли барча ҳудудларини қамраб олган бўлиб, 38 та филиал, 154 та мини-банк, 578 та чакана банк хизматлари кўрсатувчи шахобчалар орқали аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга барча турдаги намунали банк хизматларини кўрсатиб келмоқда. Ҳозирда банк мижозлари 74 минг 423 тани ташкил этиб, йил бошига нисбатан 7,8 фоизга ўсган, яъни 5 409 тага кўпайган. Бу эса мижозлар базасини кенгайтириш борасида ҳам сезиларли ишлар қилинаётганидан далолат беради.
Банк томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 650,9 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларда ҳам Ипотека-банкнинг муносиб ҳиссаси бор.
Хусусан, банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини доимий равишда қўллаб-қувватлаш ва уларга кўрсатилаётган банк хизматлари турларини кенгайтириш, сифатини янада яхшилаш ва кредит маблағлари ҳажмини ошириш бўйича ишларни фаол давом эттириб, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида барча молиялаш манбалари ҳисобидан кичик бизнес субъектларига жами 882,8 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Шу жумладан, аёллар тадбиркорлигини ташкил қилиш ва ривожлантиришга 95,8 млрд. сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш учун эса 173,3 млрд. сўм касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз бизнеслари йўлга қўйишлари учун 21,4 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Банк томонидан нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш ва аҳолининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилиш борасида ҳам қатор ижобий саъи-ҳаракатлар натижасида аҳоли омонатлари қолдиғи 2016-йил 1-октябрь ҳолатига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 190,9 млрд. сўмга ўсди ва 739,7 млрд. сўмни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010-йил 19-апрелдаги «Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Банк томонидан 2016-йил 1-октябрь ҳолатига 1,647 минг донадан ортиқ пластик карточкалар муомалага чиқарилди. 20171 дона терминал, 114 донадан ортиқ банкомат ва инфокиосклар ўрнатилди.
Пластик карточкалар орқали амалга оширилаётган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ҳам кенгаймоқда. Жорий йил тўққиз ойи давомида савдо айланмалари миқдори 4 трлн. 183 млрд. сўмни ташкил қилди.