Тошкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг 5 апрелида Урганч шаҳрида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган “Invest in Khorezm” Халқаро инвестицион форуми бошланди.
Очилиш маросимида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матилда Димовска, ЕТТБ нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос ўзининг кириш нутқи билан иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – халқаро бизнес-жамоатчилигини, халқаро ташкилотлар вакиллари ва истиқболли инвесторларни ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароит ва афзалликлар билан таништиришдан иборат.
Шунингдек, форум маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, минтақалараро савдо ва саноат кооперациясини ривожлантириш, шунингдек, сайёҳлар алмашинувида ҳамкорликнинг истиқболли шаклларини излаш соҳасида ўзаро манфаатли мустаҳкам бизнес алоқаларини йўлга қўйишига йўналтирилган.
Мазкур платформа келажакда Ўзбекистон билан хорижий давлатларнинг ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш, шунингдек, инвестицион фаолиятни кенгайтириш ҳамда минтақавий ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган ўзаро манфаатли шартномалар ва битимларга эришиш учун жуда самарали бўлиши кутилмоқда.
Форумнинг икки кунлик дастури доирасида кооперацион биржа, маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилиши ва ҳудуднинг туризм салоҳияти бўйича тақдимот режалаштирилган.
Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази.