Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 05/08/2022 Интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши ишсизликни қандай камайтиради?
Интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши ишсизликни қандай камайтиради?

Ахборот-коммуникация технологиялари глобал ишсизлик муаммосига қарши курашишда ёрдам берадиган иш ўринларини яратиш учун янги имкониятлар очмоқда. Масалан, мобил телефон иловалари саноатининг равнақ топиши ривожланган ва жадал суръатлар билан ривожланаётган мамлакатларда кичик ва ўртача корхоналар учун янги имкониятлар яратди. 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) Ўзбекистонда интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши ишсизлик даражасига қандай таъсир этаётганини ҳисоблади. 

Таҳлил сўнгида қуйидаги натижалар олинди:

Оптик толали интернет узунлигининг 100 км га ошиши ишсизликнинг 0,04 ф.п. га қисқаришида ёрдам беради.

Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 ф.п.га ортиши ишсизликни 0,02 ф.п. га камайтиради.

100 та янги асосий уяли алоқа станциясининг қурилиши ишсизлик даражасини 0,05 ф.п. га камайтириш имконини беради.

Гарвард бизнес мактаби раҳбарлигида олиб борилган "Реклама, контент, савдо ва инновация бозорини яратадиган интернетнинг иқтисодий таъсири: АҚШнинг иш билан бандлиги ва ЯИМга қўшган ҳиссаси" номли тадқиқот

натижаларига кўра:

АҚШда 17 миллиондан ортиқ иш ўринлари тижорат интернет корхоналари томонидан яратилган. Бу эса тўрт йил аввалги натижага қараганда 7 миллионтага кўп.

Кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар интернетдаги энг йирик интернет компанияларига қараганда кўпроқ иш ўринларини яратади – 38% ва 34%.

McKinsey компаниясининг билдиришича, рақамлаштиришни ривожлантириш таъсири остида ишларнинг бир қисми ўз аҳамиятини йўқотади. Пировардида уларни босқичма-босқич янги касблар билан алмаштиришга тўғри келади. Бироқ, бунинг эвазига интернет майдони кўпроқ янги касблар ва иш ўринларини яратади. Масалан, Францияда сўнгги 15 йил ичида интернет ва электрон тижоратнинг ривожланиши натижасида 500 000 та иш ўрнига талаб йўқолган, 1,2 миллион янги иш ўрни яратилган. Шундай қилиб, ўсиш коэффициенти 2,4 ни ташкил этган, яъни талаб йўқолган битта иш жойи ўрнига 2,4 та янгиси яратилган.

АКТнинг ривожланиши ишсизлик даражасига яна бир восита орқали таъсир кўрсатади. Иқтисодий тараққиётнинг ҳозирги босқичида бандлик билан боғлиқ муаммоларни янгича ёндашув – масофавий иш ёки фриланс орқали ҳал қилиш мумкин. 

Фриланс шахсий мартаба ва даромадни оширишдан ташқари бандлик муаммосини давлат миқёсида ҳал қилиш имконини беради. Иш билан таъминланганлар сонини кўпайтириш учун махсус харажатлар талаб этилмайди. Чунки аҳоли "ўзини-ўзи" иш билан таъминлайди".

Бугунги кунда кўплаб иш турлари онлайн фриланс платформалари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилади. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) нинг iLabour лойиҳаси маълумотларига асосланган ҳисоботи шуни кўрсатадики , дунёдаги онлайн иш ўринларининг энг катта қисми дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва технологик ишлар тоифасига тўғри келади. Уларнинг барча онлайн фриланс ишларидаги улуши 2020 йилда 45% ни ташкил қилган (2018 йилда - 39%).

Ўзбекистонда АКТ соҳасида банд бўлганлар сони муттасил ошиб бормоқда. Агар 2015 йилда соҳада 33,4 минг киши ишлаган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 53,8 минг кишини ташкил этди (ўсиш суръати – 161%). АКТ соҳасидаги ўртача номинал иш ҳақи 2021 йилда 5,6 миллион сўмни ташкил этган (2021 йилда ўртача иш ҳақи 3,2 миллион сўмни ташкил қилган).

Бугунги кунда Ўзбекистонда бир қатор рақамли фриланс платформалари фаолият юритмоқда. Уларнинг орасида Info shop , UzFreelance , Giglancer , 2work ва бошқалар бор. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йилда рўйхатдан ўтган ўзини - ўзи иш билан банд қилганлар сони 547,6 минг кишини, 2021 йилда эса 1 миллион 157 минг кишини ташкил этган . 

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистонда ёшларга замонавий рақамли касбларни ўргатадиган онлайн таълим платформалари фаолият кўрсатмоқда. Upward онлайн платформаси маълумотларига кўра, маълумотларни киритувчи ва таҳлил қилувчилар, видеомуҳаррирлар, ишлаб чиқувчилар, контент ёзувчилар халқаро меҳнат бозорида талаб энг юқори бўлган рақамли касблардир.

АКТнинг Ўзбекистондаги ишсизлик даражасига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2015-2020 йиллардаги (84 та кузатув) ҳудудлар бўйича (12 та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри) статистик маълумотларига асосланган эконометрик моделлардан фойдаланилди.

Эконометрик моделларни тузиш учун ҳудудлар бўйича робаст хатолар ва кластерлаштириш (LSDV), шунингдек, Driscroll-Creyning робаст хатолари (DKSE) ҳисобга олинган ҳолда панел маълумотларини таҳлил қилиш усуллари қўлланилди. Ушбу моделлар ўзаро (минтақавий) ва вақт оралиғидаги боғлиқлик мавжуд бўлганда энг самарали ҳисобланади. Бошқача айтганда, ушбу моделлар ўзгарувчилар ўртасида ҳудуддан-ҳудудга ва олдинги қийматларга (ўтган йиллар натижаларининг ҳозирги кунга таъсири) боғлиқлик мавжуд бўлган тақдирда, энг аниқ натижаларни олиш имконини беради.

Эконометрик моделлар натижасига кўра, оптик толали интернет узунлиги ва интернетдан фойдаланувчилар сони 1% муҳимлик даражасида, янги асосий уяли алоқа станцияларининг қурилиши эса 10% аҳамиятли эканлиги аниқланди.

Олинган натижаларга кўра, 100 та янги асосий уяли алоқа станциясининг қурилиши ишсизлик даражасини 0,05 фоиз пунктига камайтириш имконини беради. Шу билан бир қаторда, оптик толали интернет узунлигининг 100 км га ошиши ишсизликни 0,04 фоиз пунктига

қисқартириши мумкин ва интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига

ўсиши ишсизликни 0,02 фоиз пунктига камайтиради.

АКТ ривожланиши Ўзбекистонда ишсизликни камайтиришга сезиларли таъсир қилмаётгани бугунги кунда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва аҳоли ҳаётида рақамлаштириш жараёни эндигина бошлангани билан изоҳланади. АКТ ва рақамли касблар, хизматлар ва имкониятларнинг бундан кейин янада ортиши уларнинг ишсизликни камайтиришга таъсирини кучайтиради.

Тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари Ўзбекистонда ишсизликни камайтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда, дейиш мумкин. Айниқса, кўпроқ маълумотларни қайта ишлашга имкон берадиган юқори тезликдаги интернет омили ажралиб туради. Шунингдек, интернетдан фойдаланувчилар сонининг ортиши ишсизликни камайтиришга иккита йўл орқали ёрдам беради: одамлар иш жойларини кузатиб бориши ва онлайн платформалар орқали иш топиши ёки тўғридан-тўғри онлайн сайтларда ишлаши мумкин.

Иккинчи йўналиш янада истиқболли. Чунки бугунги кунда халқаро меҳнат бозорида рақамли касбларга талаб муттасил ошиб бораяпти. Деярли барча фаолият турлари автоматлаштириш даврини бошдан кечирмоқда. Ўзбекистон учун интернет орқали иш билан таъминлаш барқарор иқтисодий ривожланишнинг истиқболли манбаи ҳисобланади. Чунки рақамли хизматлар экспорти анъанавий экспорт пайтида товарларни етказиб бериш билан боғлиқ чекловларни йўққа чиқаради.

А.Костюченко ПМТИ лойиҳа раҳбари,

О.Назаров ПМТИ катта илмий ходими

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг