Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 31/03/2023 Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсади
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсади

Янгиланаётган Конституцияда ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда. Жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси очилишида шу ҳақда сўз юритилди.

Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилди. Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Бухоро вилояти прокуратураси ва ички ишлар тизими ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Яҳёжон Абдулҳақов ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлади. Ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир аввалида, шунингдек, яқинда бўлиб ўтадиган референдумда овоз бериладиган Конституция лойиҳасидаги концептуал ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Янгиланаётган Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат деб белгиланаётгани ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида эълон қилинаётгани муносабати билан инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа кўпаймоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги мамлакатимиз тарихида илк бор конституциявий мустаҳкамланаётганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.

Бундан ташқари, Конституцияда биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Ўқув курсининг биринчи кунида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчилик ривожи”, “Қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзуларида маърузалар тингланди. 

Машғулотларнинг иккинчи куни “Вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари”, “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланиши” мавзуларидаги маърузалар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.

Ўқув курси дастурида кўзда тутилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маълумотлар тингловчилар учун ҳар томонлама тушунарли бўлишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлигининг Академияси ҳамда Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари алоҳида ўрнак кўрсатдилар.

Машғулотлар асносида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши зарурлиги таъкидланганига эътибор қаратилди. Бу, ўз навбатида, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, маъруза ва нутқлари, шунингдек, Миллий стратегия ҳамда Давлат дастурларида бу борада белгилаб берилган устувор вазифалар нафақат миллий, балки халқаро аҳамиятга ҳам эга. Нега деганда, айни вазифалар ижросидан кўзланган мақсад – БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянган ҳолда, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий привентив механизмларни такомиллаштиришдан иборат. 

Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорида, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича муҳим янгиланишлар назарда тутилган бўлиб, уларнинг амалиётга ўз вақтида ва тўлиқ жорий қилиниши улкан аҳамиятга эга. Бу, бир томондан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига амал қилиниши ҳолатини тубдан яхшилашга ҳисса қўшса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг халқаро имижи янада юксалишига хизмат қилади. 

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида эгалланган назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Машғулотлар якунида тест синовлари ўтказилди. Шундан сўнг тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Маълумот учун: Қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув курси Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2023 йил давомида ўтказилади. Машғулотларнинг жами сони 14 тани ташкил этади ва ўқув курсларидан 700 нафар тингловчи таҳсил олиши таъминланади.

Мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга мўлжалланган.

Йил бошидан буён бундай қисқа ўқув курси Фарғона ва Бухоро вилоятларида ўтказилди.

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг