Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Технологиялар 03/11/2020 «InnoWeek.uz-2020» Инновацион ғоялар ҳафталиги очилди!
«InnoWeek.uz-2020» Инновацион ғоялар ҳафталиги очилди!

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 3 ноябрь куни Марказий Осиёдаги энг йирик онлайн кўргазмалардан бири “InnoWееk.uz 2020” Инновацион ғоялар ҳафталиги бошланади. Инновацион ғоялар ҳафталигида дунёнинг 51 дан зиёд мамлакатидан 2000 нафар иштирокчи, 18 мамлакатдан 83 кўргазма ташкилоти ва 39 маърузачи, нуфузли халқаро ташкилот ва компаниялар вакиллари ва инновациялар соҳасидаги етакчи мутахассислар қатнашадилар.

Ҳафталикнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти бош вазирининг маслаҳатчиси, IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров, Кимё бўйича Нобел мукофоти совриндори, Изроиллик машҳур олим Дан Шехтман, «Сколково» жамғармаси раиси Аркадий Дворкович, Озарбайжон Республикаси транспорт, коммуникация ва юқори технологиялар вазири жаноб Рамин Гулузаде, Исроил Иқтисодиёт вазирлигининг Инновациялар бўйича бошқармасининг раҳбари Ами Аппелбаум, Инновацион зоналар халқаро ассоциациясининг бош ижрочи директори (IASP) Эбба Лунд, Хитой Халқ Республикасининг «Ипак Йўли» юқори ва янги технологиялар зоналари ассоциацияси бош котиби жаноб Чжан Женчжун ҳамда тадбир мезбони Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов онлайн қатнашиб, “InnoWeek.uz-2020” Инновацион ғоялар ҳафталигининг барча иштирокчиларини қутладилар.

– Бу йил “InnoWееk.uz 2020” онлайн форматда ишлайди. ва бу шунчаки каталог «расмлар саҳифаси» эмас, балки экспонентлар учун потенциал мижозлар, инвесторлар, инвестиция фондлари, шериклар билан алоқа ўрнатиш учун тўлақонли интерактив хизмат бўлади, – дейди Инновацион ривожланиш вазирининг рақамлаштириш ва ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси Бобур Раҳимов. – Кўргазмада иштирок этадиган технологик компаниялар ўзларининг ғоялари ва ишланмаларидан долзарб муаммоларни ҳал қилишда фойдаланадилар

Ушбу форматдаги тадбирлар бир қатор афзалликларга эга бўлиб, бу томошабинларнинг кенг қамрови, ташриф буюрувчиларнинг юқори даражада жалб қилиниши, реал вақт режимида онлайн мулоқотдир. Таъкидлаш жоизки, виртуал реаллик технологиялари асосида ишлайдиган Марказий Осиёдаги энг йирик технологик платформалардан бири бўлган “InnoWееk.uz 2020” да макон ва вақт ичида чекловлар йўқ: куннинг исталган вақтида исталган одам истаган жойидан 3Д кўргазмага ташриф буюриши мумкин. Шу билан бирга, барча маълумотлар ташриф буюрувчи учун қулай бўлган шаклда тақдим этилади: бир неча сония ичида ўзингиз қизиққан йўналишларни топишингиз мумкин. Энг муҳими, мазкур технология виртуал кўргазма стендларида интерактив тақдимот материалларини тақдим этишга имкон беради.

“Кўргазмада VR минигарнитурадан фойдаланишингиз мумкин. Ушбу имкониятдан фойдаланувчилар, қаерда бўлишидан қатъи назар, экспозицияларнинг бутун ҳажмини ва макетини ҳис қилиб, тадбирда ҳақиқий иштирок этиш имкониятига эга бўлади ”, - дея қўшимча қилди Бобур Раҳимов.

Тадбир иштирокчилари учун ҳам катта қулайлик яратилган: платформада рўйхатдан ўтиш бир неча дақиқа давом этади, экспозицияни ташиш, ўрнатиш ва хавфсизлик каби муаммолар мавжуд эмас.

“InnoWееk.uz 2020” Инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўтказилган энг муҳим ва қизиқарли тадбирларни жонли эфирда томоша қилиш мумкин. Ва ушбу платформага ташриф буюрган барча меҳмонлар энг қизиқарли стендларни белгилаш ва натижаларини кўриш имкониятига эга бўладилар.

“InnoWееk.uz 2020” доирасида ўтказиладиган барча тадбирлар нафақат ўз технологиянгизни дунёга намойиш этиш учун ноёб имконият, балки янгиликларнинг марказида бўлиш, соҳа вакиллари билан танишиш, алоқаларни ўрнатиш ва албатта, потенциал инвесторларни топишга ҳам қаратилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг