Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 18/07/2016 I ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ 7,8 фоизга ўсди
I ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ 7,8 фоизга ўсди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Иқтисодиётни ислоҳ қилишни, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга ўсишини таъминлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида хабар қилинди.

Саноат ҳажмлари 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоизга кўпайди.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли йил бошидан буён 462,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Уларнинг 276,7 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойлардадир.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобига 4,4 триллион сўмдан кўп ва 111 миллион доллар миқдорида маблағлар йўналтирилди.

Қайд этиб ўтилдики, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмларини 11,8 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитларни 17,2 фоизга кўпайтириш таъминланди.

Жами қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 43 та ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 72 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошиши таъминланди.

Қайд этиб ўтилдики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида хусусий мулкка қарийб 267,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция мажбуриятлари қабул қилган ҳолда 305 та давлат активлари сотилди. Ўтган даврда хорижий инвесторларга 30 та акциядорлик жамиятидаги улушлар сотилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг