Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Термиз шаҳрида судьялар, шунингдек, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, божхона каби ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун “Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбир жорий йилнинг 12-13 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда ташкил этилди.
Иштирокчилар гендер тенгликни мустаҳкамлаш ва қарорлар қабул қилиш жараёнига хотин-қизларни кенг жалб этиш, уларнинг БМТ 1325-резолюциясини амалга оширишда фаол иштирок этиши масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг юқори лавозимларида аёлларнинг вакиллик даражасини ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Семинар Ўзбекистон билан “БМТ – Аёллар” тузилмаси ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида ташкил этилди. Мазкур ҳужжат жорий йил 7 август куни бўлиб ўтган Гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссиясининг йиғилишида тасдиқланган.
Тренинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча жабҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятлари таъминланмоқда. Хотин-қизларни зулм, зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.
Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу муҳим мавзу “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Айни Стратегия доирасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистоннинг замонавий Сайлов кодексида депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи, яъни 5 нафардан 2 нафари аёллар бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Ҳозирда давлат бошқарувида аёлларнинг улуши 27 нафардан 35 фоизгача ошди.
Хотин-қизларнинг жамиятимиздаги ўрни ва роли сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бугунги кунда улар давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим ва бошқа соҳаларда муҳим ўринларни изчил эгалламоқдалар.
Семинарда шу ижобий жараёнларни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда хотин-қизларнинг ролини ошириш масалалари чуқур таҳлил этилди.
Машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова, Олий суд вакили Нилуфар Бобомуратова, Бош прокуратура вакили Умида Бегматова, Ички ишлар вазирлиги вакили Умида Абдуллаева, Миллий гвардия вакили Барно Аширматова, Мудофаа вазирлиги вакили Бахтиёр Мардиев, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Латофат Амонова сўзга чиқди.
Тадбир доирасида “Суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг муҳим лавозимларида хотин-қизларнинг вакиллик даражасини ошириш”, “Хавфсизлик ва мудофаа соҳасида раҳбарлик лавозимларига киришда аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш” каби мавзулардаги маърузалар тингланди. Семинар қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтди.