“Тошкент метрополитенининг Сергели туманидаги линиясининг қурилиши” лойиҳаси 2017-2020-йилларда амалга оширилади.
170,1 млн. АҚШ доллари ҳисобидан баҳоланган лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ($70,1 млн.) ва Ўзбекистон Республикаси қайта қуриш ва тараққиёт фонди ($35,1 млн.) ҳисобидан молиялаштирилади.
Яна 64,9 млн. АҚШ доллари бошқа манбалардан жалб этилади, дея қайд этади Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги.
Лойиҳа қатнашчилари 2021-йилнинг 1-январига қадар солиқ ва божхона имтиёзларини олишди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент метрополитенининг Сергели туманидаги линияси олтита бекатдан иборат бўлади. Ер усти линиясининг узунлиги 8 км. дан ортиқроқ бўлиб, ер сатҳидан 6 метр баландликда қурилади.
Мазкур линия Чоштепа, Мирзо Турсунзода ва Қипчоқ кўчаларидан Марли кўчасигача давом этади.