Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Ўзбекистон 18/05/2016 Ҳудудларни ривожлантиришда O‘zLiDeP олдидаги вазифалар
Ҳудудларни ривожлантиришда O‘zLiDeP олдидаги вазифалар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP ўз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ташқи иқтисодий фаолият соҳасида халқаро иқтисодий интеграциялашув ва жаҳон бозорларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кенгайтириш учун мақбул шароитларни яратишга интилади. Экспортни ошириш ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини таъминлаш иқтисодий соҳадаги дастурининг энг муҳим қисми ҳисобланади.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Олмалиқ шаҳрида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат корхоналари билан кооперацияси – ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омили” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан жаҳон андозаларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш, йирик корхоналар, кичик бизнес субъектлари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ҳамда яратилган қулай инвестициявий муҳитдан оқилона фойдаланиш баробарида, ишлаб чиқариш соҳасига замонавий технологияларни жалб этишда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда партия депутатлик гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлашдаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, бугун Тошкент вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар вилоят иқтисодиётининг барча соҳаларида изчил ўсиш суръатини таъминламоқда. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга эркинлик бериш ва ривожлантириш йўлида учраётган тўсиқларни олиб ташлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида мазкур секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 61,2 фоиздан ошди. 2015 йилда вилоятда 2120 дан зиёд янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, уларнинг умумий сони қарийб 23 минг тага етди. Улар фаолиятини йўлга қўйиш учун тижорат банклари томонидан қисқа ва узоқ муддатли 610 миллиард 74 миллион сўмлик маблағдан зиёд кредит ажратилган.

Бу жараёнларда, айниқса, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиб боришида партия ва унинг депутатлик корпусларининг аҳамияти диққатга сазовор. Сабаби, O‘zLiDeP фракцияси, партия тузилмалари ва депутатлик бирлашмалари олдига амалдаги қонунчилик, давлат дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, ҳукумат қарорлари, ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини назорат ва таҳлил қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш учун депутатлик эшитувларини ташкил этиш, парламент назоратини кенг йўлга қўйиш ҳамда уларни партия воситалари орқали ўз вақтида ҳал қилиш каби устувор вазифалар қўйилган.

Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи вакиллари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 23 та назорат-таҳлил фаолияти олиб борилди, 29 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилди, 98 та депутатлик сўровлари юборилиб, халқ депутатлари кенгашлари сессияларига 21 та таклиф билан мурожаат қилинган ва уларнинг 9 таси кенгаш сессияларига киритилган. Буларнинг аксарияти кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришни диверсификация ва модернизация қилишга доир масалалардир.

Шунингдек, тадбирда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳларига маҳаллийлаштириш жараёнида иқтисодиётнинг жадал ва барқарор ривожланишини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги, самарали технологияларни татбиқ қилишни жадаллаштириш, маҳаллий хом ашё ва ишлаб чиқариш ресурсларидан кенг фойдаланиш, шу асосда замонавий рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги иш жойларини яратиш масалалари бўйича тегишли депутатлик назорат-таҳлилини олиб бориш каби вазифалар белгиланди.

Табирда мамлакатимиздаги турли тармоқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини янада кучайтиришда кичик бизнес имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бунда кичик бизнес субъектлари томонидан доимий равишда йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатиш мумкин бўлган ҳамкорлик имкониятларини ўрганиб бориш, йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларига киришиш учун зарур шарт-шароитлар – моддий-техник базани кучайтириш, давлат томонидан йирик саноат корхоналарини кичик бизнес субъектлари билан ҳамкорлик алоқаларига киришишини рағбатлантирувчи иқтисодий механизмларнинг жорий этиш ва бу борадаги тажриба ва маълумотларни турли воситалар орқали тарғиб этиб бориш каби таклифлар илгари сурилди.

Қайд этилганидек, мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида кичик бизнес субъектларининг йирик саноат корхоналари билан кооперация алоқалари кенгайиб, янгидан-янги имкониятларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бу эса, йирик саноат корхоналарининг иқтисодий самарадорлиги ошишига ҳамда кичик бизнес субъектларининг кўпайишига сабаб бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг