Ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартиби такомиллаштирилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳомийлик фаолияти субъектларига нисбатан давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш, ҳомийлик ташкилотларининг фаолияти очиқлигини ва фуқароларнинг уларга нисбатан ишончини ошириш ҳамда ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш учун пул маблағларини йиғишни қонуний тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Лойиҳада ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари, ҳомийлик хайрияларини йиғиш, хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиблари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ва ушбу жараённинг очиқлигини таъминлаш шартлари ҳамда ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан қатор ишлар амалга оширилгани, жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқшунослар иштирокида семинарлар, йиғилишлар ўтказилгани қайд этилди. Уларда депутатлар берган таклифлар асосида ҳужжат матни ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилиб, маромига етказилгани таъкидланди.
Мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.