Ҳиндистоннинг Бенгал ишбилармонлар кенгаши делегацияси билан давра суҳбати бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доира вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Палата раиси ўринбосари Дилшод Расулов, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сардор Рустамбоев, Бенгал ишбилармонлар кенгаши раиси Авишек Аидди ҳамда таълим, фармацевтика, спорт, қурилиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этдилар.
Суҳбат чоғида томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Тошкентда таълим муассасаларини очиш, қурилишда қўшма лойиҳалар амалга ошириш, Ҳиндистондан табиий соклар экспортини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси вакиллари томонидан Ўзбекистондаги инвестицион иқлим ва Палатанинг фаолияти ҳақида махсус тақдимот ўтказилди, бу эса Бенгал делегацияси томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Шунингдек, кўргазма-ярмарка фаолиятида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар, икки мамлакат компанияларининг Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўтказиладиган соҳавий тадбирларда фаол иштирок этишидан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Учрашув Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги истиқболли лойиҳаларга замин яратишда муҳим қадам бўлди.