Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 17/09/2018 «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти 5-мажлисининг якунлари тўғрисида
«Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқоти 5-мажлисининг якунлари тўғрисида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази (ХМАТМ) томонидан Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши билан ҳамкорликда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкиллаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Матбуот хизмати хабар беради.

Форумнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил октябрь ойида Ҳиндистонга амалга оширадиган ташрифи арафасида бўлиб ўтгани диққатга сазовордир.

Бугунги кунда Ҳиндистон Ўзбекистоннинг муҳим ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий шериги ҳисобланади. Юқори даражадаги сиёсий-дипломатик ҳамкорлик Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг ўзига хос томони бўлиб, у икки давлатнинг кўп асрлик дўстона алоқалари тарихига асосланади.

Ҳиндистон делегацияси мазкур давлат сиёсий ва экспертлик доираларининг нуфузли вакилларидан таркиб топган. Жумладан, Ҳиндистон Ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбар, Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши бош директори доктор Тирумаллаи Суннувакум Ананданпиллаи Рагавана, Мавлоно Азад номидаги Университет ректори профессор Аҳтарул Васи ва бошқалар.

Тадбирда Марказий Осиё давлатлари етакчи тадқиқот марказларининг олимлари ва экспертлари ҳам иштирок этдилар.

Форум доирасида Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг жорий динамикаси, барқарор тараққиётга қарши қаратилган хавф ва таҳдид билан биргаликда курашиш, шунингдек Марказий Осиё давлатларининг Ҳиндистон билан сиёсат, иқтисод, хавфсизлик ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлигини чуқурлаштириш борасидаги долзарб таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқиш масалалари бўйича самарали фирк алмашилди. Панель сессиялар доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мажлис қатнашчилари таъкидлаганларидек, О ъзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича янги сиёсати минтақавий алоқалар тўғрисидаги ғояни декларатив муҳокамалар даражасидан амалга ошириш жараёнига олиб чиқиш имконини берди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсати минтақа давлатлари ҳамкорлигини кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча зарур шароит ва имкониятларни яратиб бераяпти.

Марказий осиёлик ва ҳиндистонлик экспертларнинг нутқларида ва докладларида Марказий Осиёда кундан-кунга кучаяётган минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши жараёни минтақа давлатларининг Ҳиндистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ошириш учун мислсиз имкониятларни яратаёргани ҳам кўп бора қайд этилди.

Бугунги кунда Ҳиндистон дунёдаги энг тез суръатларда ўсаётган иқтисодиётга эга. Мамлакатда кучли индустриал база шакллантирилган ва сезиларли илмий-техникавий салоҳият тўпланган бўлиб, бу аввало информатион технологиялар, тиббиёт ва фармацевтика, енгил саноат ва бошқа соҳаларда акс этмоқда. Шу жиҳатдан Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий, молия-инвестицион ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ошириш учун улкан ресурслар ва захираларга эга

Бундан ташқари Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғлашга қодир улкан трансминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар вужудга келмоқда. Шаклланаётган воқеликда «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси, «ТАПИ» трубопроводи, «Мозори-Шариф – Ҳирот» темит йўли ва бошқа шу каби аҳамиятли умумминтақавий лойиҳаларга янги туртки берилиши мумкин. Шу ўринда, таъкидланганидек, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Афғонистонга тараққиётнинг тинч йўлига ўтишида, унинг минтақадаги савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация алоқаларига фаол жалб қилинишига кўмак беради.

Шу муносабат билан форум қатнашчилари Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги сиёсатига юқори баҳо бердилар. Уларнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистон Афғонистон билан икки томонлама савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар алоқаларни сезиларли даражада кенгайтирди, афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича халқаро чора-тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон «Афғонистондаги сиёсий тартибга солиш жараёни афғонларнинг ўз раҳбарлиги остида ва уларнинг ўз кучлари орқали амалга ошиши керак» деган фундаментал тамойилга содиқ қолади.

Форум доирасида Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази билан Халқаро ишлар бўйича Ҳиндистон кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди. Ҳужжат ХМАТМнинг ҳиндистонлик ҳамкасблари билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш, мақолалар чоп этиш, шунингдек қўшма тадбирларни ташкиллаштириш соҳаларида сермаҳсул ва ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича кенг имкониятлар яратади.

Умуман олганда, тадбир доирасида сиёсат, иқтисод, энергетика, транспорт ва маданият соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш борасида икки томонда ҳам катта қизиқиш борлигини тасдиқловчи сермаҳсул муҳокамалар бўлиб ўтди. Мажлис якунларига кўра Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистоннинг кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга йўналтирилган амалий таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг