Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 19/04/2024 Ҳайдовчилар ва кондукторларга ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги тушунтирилди
Ҳайдовчилар ва кондукторларга ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги тушунтирилди

Жамоат транспорти ҳайдовчилари ва кондукторлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларидан хабардор бўлиши ва уларни қўллаб-қувватлаши муҳимдир. Жорий йил 19 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлари билан биргаликда ташкил этган ахборот сессияси ана шу мавзуга бағишланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими иштирокида ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳридаги автобус парклари ҳайдовчилари ва кондукторлари, шунингдек, ташкилотчи идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари – жами 50 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.

Ахборот сессиясида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишга оид ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини таъминлаш борасида ҳайдовчилар ҳамда кондукторларнинг билим ва кўникмаларини ошириш масаласига эътибор қаратилди. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши ва ижтимоий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини қўллаб-қуввватлаш, ўз навбатида, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун амалий кўмак бўлиши алоҳида таъкидланди.

Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берар экан, тадбир мавзусининг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди.
Сессияда, шунингдек, Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Нажмиддин Давлатов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими маслаҳатчиси Павло Бялик сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияснии ратификация қилган. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, шу жумладан, “тўсиқсиз муҳит” тамойилини жорий қилиш орқали бу соҳада амал қилаётган тизимни такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Муҳокамалар чоғида асосий эътибор транспорт воситалари ва инфратузилманинг жисмоний жиҳатдан қулайлигини яхшилаш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат транспортидан фойдаланишини осонлаштириш учун пандуслар, лифтлар ва бошқа мослаштирилган технологиялар билан таъминлаш масалаларига қаратилди. Ногиронлар аравачасидаги инсонларга жамоат транспортига тўсиқсиз, мустақил кириб-чиқиш учун янада қулай имкониятлар яратишнинг замонавий инновацион тизимлари кўриб чиқилди.

Экспертлар бу борада қулайлик яратишга оид жорий халқаро андозалар ва уларни миллий шароитларга мослаштириш йўллари ҳақида фикр юритишди.

Ногиронлиги бўлган шахслар жамоат транспорти инфратузилмаси имкониятларидан фойдаланишига оид турли мамлакатларнинг ибратли амалиёти ва бир қатор илғор тажрибалар тақдим этилди.

Мулоқот асносида, шунингдек, транспорт тармоқлари ва транспорт воситаларини лойиҳалаш босқичидан бошлаб тўсиқсиз майдонни яратиш лозимлиги қайд этилди. Мутахассисларнинг фикрича, бундан буён барча янги лойиҳаларни пандус, кенг эшик ва махсус лифт каби қулай ечимларни кўзда тутган ҳолда тайёрлаш жуда муҳим.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат жойларида мустақил ҳаракатланишини осонлаштирадиган замонавий технологияларни кенг қўллаш зарурлиги таъкидланди. Бу ўринда, жумладан, бугунги жамоат транспортида мавжуд овозли огоҳлантириш ва тактил ахборотга эга электрон ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳақида сўз бормоқда.

Табиийки, бу соҳадаги ишларни яхшилашда қонунчилик ҳужжатларининг ўрни ва аҳамияти катта. Шунинг учун тегишли давлат органлари соҳага оид норма ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда уларга амалга қилиш жараёнларини қатъий назоратга олгани маъқул.

Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга ҳурмат билан муомалада бўладиган, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёрдам берадиган ва малакали хизмат кўрсатадиган ходимларни ўқитишга қаратилган ташаббусларни ҳар доим қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирдилар. Бундай ўқувлар сирасига, жумладан, транспорт воситаларига чиқиш-тушиш пайтида, шунингдек, махсус кўмак талаб қилинадиган ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик ва уларга астойдил ёрдам беришни ўргатиш бўйича мунтазам тренинглар ҳам киритилиши мақсадга мувофиқдир.

Муҳокамалар якунида ушбу мақсадларга эришиш учун барча манфаатдор томонлар – давлат идоралари, хусусий сектор ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур, деган якдил хулосага келинди. Тўсиқсиз муҳит яратишда халқаро ва тармоқлараро ҳамкорликнинг ўрни беқиёсдир. 

Тадбир давомида кўриб чиқилган масалалар юзасидан берилган тавсияларни амалга оширишга масъулият билан ёндашиш, шубҳасиз, янада инклюзив ва қулай жамият сари муваффақият билан одимлашимизнинг калити бўлади. Шу маънода, семинар иштирокчилари ўз касбий масъулияти ва ваколатлари доирасида ўзлаштирган билимларини амалиётга самарали татбиқ этишга ҳамда бундай фойдали ва очиқ мулоқотларда келгусида ҳам фаол иштирок этишга шайлигини билдирганлари диққатга лойиқ.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг