Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Спорт 21/12/2016 Ҳасанбой Дўсматовга "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини топширилди
Ҳасанбой Дўсматовга "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини топширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медаль соҳиби Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) томонидан "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини билан тақдирланди.

Мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари каби бокс ҳам жадал ривожланаётир. Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритиб, ҳеч кимдан кам эмасликларини ва кам бўлмасликларини исботламоқда.

2016 йилги спорт мавсуми боксчиларимиз учун ғалабаларга бой бўлди. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида боксчиларимизнинг тажриба ва маҳоратига дунё тан берди. Улар мазкур нуфузли мусобақада 3 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медални қўлга киритди.

Вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда Ҳасанбой Дўсматов Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки олтин медални келтирган эди. У ўзбек боксчилари орасида биринчи бўлиб, Олимпиаданинг энг яхши боксчиси сифатида Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.

Яқинда Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида ўтказилган сўровномада ўзбек ўғлони Ҳасанбой Дўсматов энг кўп овоз тўплаб, кубалик Робейси Рамирес ва қозоғистонлик Дониёр Елеусиновни катта фарқ билан ортда қолдирди, деб хабар беради ЎзА.

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши ва AIBAнинг 70 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Ҳасанбой Дўсматовга 2016 йил якунларига кўра, "Йилнинг энг яхши боксчиси" соврини топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг