Тадбирдан кўзланган мақсад Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга қаратилди.
Эътироф этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш, таълим тизимининг узлуксизлигини янада такомиллаштириш мақсадида сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш энг муҳим вазифалардан этиб белгиланган. Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш баробарида, замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.
Эътиборли жиҳати, ушбу ҳужжат ўз ичига таълим тизимини боғчадан то олий таълим муассасасигача такомиллаштириш, сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича қатор долзарб мақсад-вазифаларни қамраб олган.
Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ҳам тасдиқланди. Унда мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш назарда тутилган. Хусусан, 2017 йил давомида 106 мактабгача, 268 умумтаълим, 44 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари реконструкция қилинади, 195 мактабгача, 90 умумтаълим, 91 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини капитал таъмирлаш режалаштирилган, 9 янги мактаб қурилади, мебель, ўқув лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминланади.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш Дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллигини босқичма-босқич ривожлантириш назарда тутилган.
Яна бир масала – олий маълумотли кадрларимизнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш. Бугун дунёнинг ривожланган давлатлари кадрлар танлашда Болонья декларациясига таянмоқда. Шу боис мамлакатимизнинг мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу миллий олий таълим тизимини жаҳон амалиёти билан уйғун ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифати кескин оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, ҳудудлардаги олий ўқув юртлари учун илмий-педагогик кадрлар захираси яратиш, таянч олий таълим муассасаларида магистратура ва докторантурага мақсадли қабул ташкил этилишининг кўзда тутилиши бугунги кунда кўзга яққол ташланиб келаётган бўшлиқнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясига асосан ишлаб чиқиладиган илм-фан соҳасини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ илмий-тадқиқот муассасаларининг инновацион инфратузилмасини ривожлантириш, истиқболли соҳаларда кичик инновацион корхоналар, технопаркларни ташкил этиш ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтироларга бўлган ҳуқуқлар ва бошқалар) бузганлик учун жавобгарликни, шунингдек бу соҳадаги давлат назоратини кучайтириш белгиланган.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон«Адолат» СДП фракцияси аъзолари мактабгача таълим тармоғини кенгайтириш ва такомиллаштириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, касб-ҳунар коллежлари фаолиятини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш ҳамда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир партия Сайловолди дастурида илгари сурилган қатор устувор ғоялар Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топганлигини алоҳида таъкидладилар.
Шундан келиб чиқиб, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»Давлат дастури ижросида Ўзбекистон «Адолат»СДПнинг иштирокини таъминлаш бўйича чора-тадбирлари режасида умумтаълим мактабларида ўқув синфларидаги ўқувчиларнинг сонини оптималлаштириш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг «Мамлакатни тараққий эттириш ва модернизация қилиш шароитида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари тўғрисида»ги ахборотини эшитиш ҳамда мамлакатимизда инновацион фаолиятни янада ривожлантириш ва ушбу соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида «Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга қаратилган аниқ вазифалар белгилангани қайд этилди.
«Адолат»СДП фракцияси аъзолари ушбу вазифалар ижросини таъминлашда «Тараққиёт стратегияси»маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.
Тадбир якунида Ҳаракатлар стратегиясида таълим ва фансоҳасини ислоҳ этишга қаратилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасида ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди ва тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди. Ўзбекистон «Адолат» СДП матбуот хизмати.