Валюта курслари 02/06/2025
$1 – 12790.43
UZS – 0.17%
€1 – 14486.44
UZS – 0.6%
₽1 – 162.60
UZS – -0.02%
Қидириш
Технологиялар 23/05/2025 GSMA билан ҳамкорлик: GSMA Бош директори билан Ўзбекистон рақамли тараққиётидаги янги имкониятлар муҳокама қилинди

GSMA  билан ҳамкорлик: GSMA Бош директори билан Ўзбекистон рақамли тараққиётидаги янги имкониятлар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов GSMA Бош директори Вивек Бадринат билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашув Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган “М360 Евроосиё 2025” халқаро форуми доирасида ташкил этилди.

Мулоқот чоғида томонлар рақамли трансформация, ахборот-коммуникация технологиялари ва телекоммуникация соҳаларидаги глобал тенденциялар, янги авлод мобил алоқа тармоқларини жорий этиш, 5G инфратузилмаси ривожи ҳамда сунъий интеллект технологияларини интеграция қилиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Вазир Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни шакллантириш, рақамли хизматлар сифатини ошириш ва миллий IТ салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, у мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик, хусусан GSMA каби глобал ташкилотлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

GSMA Бош директори Вивек Бадринат эса Ўзбекистоннинг рақамли соҳадаги сўнгги йиллардаги тараққиётини юқори баҳолади ва мамлакатнинг минтақа миқёсида «IТ-HUB»га айланиш салоҳияти мавжудлигини қайд этди. У, шунингдек, GSMA томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган устувор йўналишлар, жумладан мобил алоқа орқали инклюзияни ошириш, рақамли саводхонликни кенгайтириш ва киберхавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни тақдим этди.

Учрашув давомида томонлар GSMA ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон мобил операторлари ва стартаплари учун халқаро ҳамкорлик эшикларини очиш масалалари юзасидан келишиб олдилар. Шу билан бирга, икки томонлама тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш дастурлари ҳамда глобал саноат стандартларини жорий этиш борасида ҳам амалий қадамлар муҳокама қилинди.

Мазкур учрашув “М360 Евроосиё 2025” форуми доирасида бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикасида рақамли технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатни глобал рақамли майдонда фаол иштирокчига айлантиришда муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг