Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 17/08/2021 «Green banking»: яшил лойиҳаларнинг самарадорлиги ва истиқболлари
«Green banking»: яшил лойиҳаларнинг самарадорлиги ва истиқболлари

Жорий йилнинг 17 август куни Миллий матбуот марказида «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан яшил лойиҳаларни молиялаштириш самарадорлиги ва истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда банк раҳбарияти, тегишли таркибий бўлинмалар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Жаҳон миқёсида жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтириб, иссиқхона газлари ажратмаларининг ортишига олиб келмоқда.

Шу боис давлатимиз раҳбари бошчилигида «яшил тараққиёт» борасидаги халқаро саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланмоқда, ушбу йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилда имзоланган Париж битимига кўра, ҳукуматимиз томонидан 2030 йилга бориб ҳавога зарарли газлар чиқаришни 10 фоизга камайтириш мажбурияти олинди,  Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорига мувофиқ, шу йилларга мўлжалланган ҳукумат стратегияси ишлаб чиқилди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда кенг кўламли трансформация жараёнларини амалга ошираётган Ўзсаноатқурилишбанк тизимида мазкур йўналишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор Банкда «Green banking» лойиҳаси амалга татбиқ этилди. Банкнинг барча ҳудудий филиалларида яшил лойиҳалар шакллантирилиб, уларни молиялаштириш учун қўшимча маблағлар жалб қилинмоқда.

Шу мақсадда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан имзоланган битимга кўра, (умумий ҳажми 25 млн. долларга тенг) ўзлаштириладиган маблағлар миллий ва хорижий валютада жалб қилиниши, улар томонлар келишувига кўра, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги яшил лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.

«Green banking» йўналишида Халқаро молия корпорацияси билан белгиланган вазифалар ҳам босқичма-босқич бажарилиб келинмоқда. Хусусан, «Экологик ва ижтимоий хавфларни бошқариш» сиёсати қабул қилиниб, Банк Кредит сиёсатига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда, банк кредит ажратиш жараёнида экологик ва ижтимоий хавфлар инобатга олинади.

Корпоратив бизнес (Corporate Green Loan), кичик ва ўрта бизнес (SME Green Loan) ҳамда чакана бизнес (ипотека кредити) тармоғидаги мижозлар учун яшил маҳсулотлар ишлаб чиқилди.

Банк биноларида энергоаудит ўтказиш масаласи юзасидан техник топшириқнома ишлаб чиқилиб, бу борада Халқаро молия корпорацияси экспертлари ёрдамида зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда Наврўз байрами арафасида ўтказилган умумхалқ ҳашари доирасида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Мурувват маҳалласида кўча-кўйларни ободонлаштириш, кўмакка муҳтож оилалар хонадонларини кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Чирчиқ, Бўка ва Ангрен шаҳарларида Банк ходимлари иштирокида 11 та маҳалла гузари ҳамда 2 та масжид ҳудудларида жами 450 туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.

Анжуманда яшил лойиҳаларни молиялаштиришнинг самарадорлиги ва истиқболлари хусусида тўхталиниб, бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг барчаси жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилашга, иқтисодиётда энергия самарадорликни ошириб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга олиб келиниши таъкидланди.

– Бунда электр, сув, газ ва бошқа табиий ресурсларнинг тежалиши ва чиқиндиларнинг камайиши ҳисобига корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳаражатлари арзонлашади, бир-бирлик маҳсулотга бўлган харажатнинг пасайиши, маҳсулотлар рақобатбардошлигининг ошиши ҳисобига тадбиркор даромади ортади, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ «Green banking» бошқармаси бошлиғи Бобур Султонмуродов. – Ишлаб чиқариш тизимини модернизациялаш натижасида ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, маҳсулот етиштириш ва/ёки етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, маҳсулот сифатини яхшилаб, экспорт салоҳиятини ривожлантиришга эришилади. Экологик жиҳатдан эса, зарарли газ чиқиндиларининг камайишига, табиий ресурсларнинг тежашлишига ҳамда биосферанинг сақланишига муносиб ҳисса қўшилади.

Тадбирда Банк томонидан яшил лойиҳаларни молиялаштириш доирасида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга электробус сотиб олиш, «ZAMON TEKS» масъулияти чекланган жамиятининг фаолиятини кенгайтириш, «Neo Story Invest» ҳамда «Asia carpet textile» корхоналарининг ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш сингари лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг