Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институтида 3 та модулдан иборат “GMP талаблари бўйича дори воситалари субстанцияларни ишлаб чиқариш технологияларини синаш илмий-технологик маркази” жорий йилнинг 18 март куни очилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдуваҳидов, ЎзР ФА президенти Бехзод Юлдашев, ЎзР Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, шунингдек, академиклар, етакчи олимлар ва мутахассислар, хорижий ҳамкорлар иштирок этишди.
Марказ томонидан Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳамда мамлакатимиз илмий марказлари ва муассасалари олимларини фундаментал изланишлари натижасида яратилган инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ва кейинчалик фармацевтик корхоналарга импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп 40 га яқин дори воситалари ва генерик субстанцияларни ишлаб чиқариш технологиялари топширилади.
Бундан ташқари, дори воситалари субстанцияларини ишлаб чиқаришнинг 3 та технологик линиялари ташкиллаштирилди. Булар ўсимлик хом-ашёсидан алкалоид, нейтрал табиатга эга модификацияланган табиий бирикмаларни ишлаб чиқариш бўлиб Ўзбекистон ҳудудидаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бустонлик-фарм”, “Паркент-фарм” ва бошқа ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкиллаштириш учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлашда хизмат қилади.
Марказ, шунингдек, дори воситалар субстанцияларини ишлаб чиқарадиган фармацевтик корхоналар ходимларининг малака ошириш, ҳамда GMP стандарти шароитларида ишлай оладиган кадрларни тайёрлашнинг ягона жойи бўлади.
Кадрлар тайёрлаш, янги технологияларни синаш, маҳаллий фармацевтик корхоналарни дори воситалари субстанциялари билан таъминлашдан ташқари марказ ишлаб чиқариш қувватининг оширилиши ва халқаро талабларга жавоб бериши натижасида ишлаб чиқариш қувватини 5 баробарга, бошқа бозорларга чиқиши натижасида экспорт ҳажмини 2 баробарга (молиявий кўрсаткичда 5 млн. АҚШ доллари миқдорида) оширишга имкон беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги телеграм канали.