Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 сентябр куни Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ҳамда Тюрингия иқтисодий ривожланиш агентлиги LEG Thüringen директори Стефан Блехшмидт бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Делегация таркиби Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор бўлган немис бизнеси вакилларидан иборат.
LEG Thüringen — корхоналар ўртасида алоқаларни ўрнатишда кўмак беради ҳамда Турингия ва ундан ташқарида бизнес делегацияларига ҳамроҳлик қилади.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Тюрингия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва инновацион йўналишлардаги муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси вакиллари томонидан Ўзбекистондаги инвестицион иқлим ва палатанинг фаолияти ҳақида махсус тақдимот ўтказилди, бу эса Тюрингия делегацияси томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Тюрингиядан ташриф буюрган тадбиркорлар ва инвесторлар Ўзбекистоннинг ташқи савдо сиёсатига қаратаётган жиддий эътиборини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Жумладан, саноат соҳасида экспорт ва ишлаб чиқариш йўналишларида катта имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, Ўзбекистонда ўз фаолиятларини кенгайтириш истиқболларини ўрганишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мулоқот якунида қўшма лойиҳаларни ташкил этиш, ўзаро савдо имкониятларини кенгайтириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.