Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 02/05/2023 Германияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қандай маҳсулотларга талаб юқори?
Германияда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қандай маҳсулотларга талаб юқори?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари минтақавий экспортнинг Германия бозорига йўналтирилишини баҳолади.

Тадқиқотда RCА (Revealed comparative advantage) ва HHI (Herfindahl–Hirschman index) индекслари ёрдамида рақобат устунлигини аниқлаш ва экспортни ҳудудий диверсификация қилиш мезонларидан фойдаланилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Германия бозорида экспортнинг рақобат устунлигига эга бўлган (RCА ≥ 1,000) тўқимачилик маҳсулотлари (2022-йилда 16,6%), кийим-кечак (15,7%), кимёвий ўғитлар (12,6%), сабзавот ва мевалар (7,2%), рангли металлар (6,9%), ноорганик кимёвий моддалар (3,1%) талаб юқори бўлган маҳсулотлар ҳисобланади.

Малумот учун: Германия Ўзбекистон учун ўзлаштирилаётган янги бозор ҳисобланади. 2018-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистон товарлари экспорти 1,7 баробардан кўпроққа ошди ва 2022-йилда 88,9 млн. АҚШ долларини ташкил этди (мамлакат экспортининг 0,5 фоизи).

Ҳудудий товар тузилмасини баҳолаш юқоридаги товарлар бўйича ҳудудий экспортнинг қуйидаги хусусиятларини аниқлашга имкон берди:

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат товарларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш туфайли Бухоро, Қашқадарё, Андижон, Жиззах, Тошкент вилоятларида экспортнинг жадал ўсишига (2018-2022 йиллар) эришилди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Наманган, Тошкент, Жиззах, Фарғона вилоятлари маҳаллий товарларни Германия бозорига экспорт қилувчи етакчи ҳудудлар (Германияга экспорт қилинадиган товарларнинг ½ қисмидан кўпроғи) ҳисобланади.

Экспортнинг нисбий ҳудудий диверсификациясига эга бўлган гуруҳига (экспорт концентрацияси индекси – ECI => 0) тўқимачилик иплари, матолар, тайёр маҳсулотлар (0,371), кийим-кечак (0,454), сабзавот ва мевалар (0,387) киради: тўқимачилик маҳсулотлари (Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари) ва кийим-кечак (Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилоятлари) экспорт қилувчи ҳудудлар иқтисодиёти аҳолининг тадбиркорлик фаолияти фонида пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашуви билан ажралиб туради.

Маълумот учун: 2021-йилда Ўзбекистонда 6200 турдаги товарларни Европа Иттифоқи мамлакатларига бож тўловларисиз экспорт қилиш имконини берувчи GSP+ имтиёзлар тизими жорий этилди. Натижада 2022-йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига экспорти 47,2 фоизга, шу жумладан Германияга экспорти 23,1 фоизга ўсди. Ўсишнинг 85 фоиздан ортиғи тўқимачилик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келди.

Экспортнинг нисбий концентрацияси (ECI => 1) бўлган гуруҳга рангли металлар (0,714), ўғитлар ва ноорганик кимёвий моддалар (1,000) киради. Ривожланган йирик бизнес фонида минерал хомашё ресурсларининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрини ушбу товарларнинг асосий экспортчисига айлантирди.

Умуман олганда, Германия бозорида Ўзбекистон ҳудудлари ўрнининг мустаҳкамланиши қўшимча имкониятларни излашга боғлиқ. Булар:

- ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва тўқимачилик маҳсулотлари (Наманган, Самарқанд, Тошкент), кийим-кечаклар (Сирдарё, Фарғона вилоятлари) экспортини кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни қўшилган қиймат яратиш глобал занжирига киритиш;

- Европа Иттифоқи мамлакатларида талаб юқори бўлган электр машиналари, асбоб ва ускуналар, йўл материаллари, сумкалар, чарм буюмлар экспортини ошириш (Андижон, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри);

- икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Ўзбекистон-Германия қўшма корхоналарини фармацевтика зоналарига жойлаштириш орқали экспортга йўналтирилган фармацевтика маҳсулотларини ўзлаштириш (масалан, Жиззахнинг "Зомин-фарм", Наманганнинг "Косонсой-фарм", Сирдарё вилоятининг "Сирдарё-фарм" корхоналарида) мақсадга мувофиқ.

Ҳудудлар учун юқори қўшимча қийматга эга бўлган истиқболли ўрта ва юқори технологияли тармоқлар, шу жумладан ахборот технологиялари, микробиология, селекция ва бошқа йўналишларга хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг