Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 10/05/2021 “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби нашрдан чиқди
“Ғалаба боғи фалсафаси” китоби нашрдан чиқди

Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётган шу кунларда академик Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби нашрдан чиқди. “Тасвир” нашриёти билан ҳамкорликда «KOLORPAK» МЧЖ босмахонасида юксак дид ва замонавий матбаа дизайни асосида ўзбек ва рус тилларида чоп этилган ушбу салмоқли китоб пойтахтимизда муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси очилганининг 1 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Китобда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳикоя қилинган. Муаллифнинг фикр ва мушоҳадалари аниқ далил ва рақамлар, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, тегишли мавзудаги шеърлар ва тасвирий санъат асарларидан намуналар билан мустаҳкамланган.

Китоб Муқаддима, Хотима, 6 фасл ва 40 бобдан борат. Китобнинг сўнгги саҳифаларида Иккинчи жаҳон уруши  йилларида "Совет  Иттифоқи  Қаҳрамони"  унвони, учала  даражадаги  «Слава»  («Шуҳрат») орденига сазовор бўлган юртдошларимиз ҳамда ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши генералларининг рўйхатлари илова қилинган.

Кейинги йилларда Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг миқёсда тарғиб этиш давр талабига айланди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ҳеч шубҳасиз,  ёш авлодни юксак гуманизм ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

 Шу маънода, “Ғалаба боғи фалсафаси” китобини кенг жамоатчиликка етказиш кўзда тутилган. Хусусан, ушбу янги нашрни мамлакатимиздаги барча ахборот-ресурс марказлари ва кутубхоналарга, ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек олий ўқув юртлари, лицей-коллеж ва мактабларга, нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлар ҳамда маънавият ва маърифат ташкилотларига, касаба уюшмалари, компаниялар ва бошқа идораларга етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг