Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 24/03/2019 Франкфурт-Майн шаҳрида ватандошлар форуми ўтказилди
Франкфурт-Майн шаҳрида ватандошлар форуми ўтказилди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Наврўз байрами тантаналари Германияда ҳамон давом этмоқда. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консулхонаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Ҳумо” Олмон-Ўзбек маданий жамияти томонидан ватандошлар форуми ташкил этилди.

Унда Франкфурт-Майн шаҳрида истиқомат қилаётган 200 дан ортиқ ватандошимиз, маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар қатнашди. 

Форум хориждаги ватандошлар билан амалий мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилди. Ўзбекистоннинг туризм брендини жаҳон миқёсида кенг оммалаштиришда ватандошлар ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир очилишида сўз олган Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консули Э.Хамраев иштирокчиларни Наврўз билан табриклаб, уларни юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан таништирди. Ўзбек диаспораси вакилларини юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида иштирок этишга чақирди.

Шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи У.Саидов Германиядаги ватандошларни юртимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг танитиш йўналишида олиб борилаётган жараёнлар ва уларнинг дастлабки натижалари билан таништириб, ҳамюртларимизни мамлакатимиз туризм брендини тарғиб этиш ва турли лойиҳаларда фаол иштирок этишга жалб этди.

Тадбир давомида турли маданий ва мусиқий чиқишлар, анъаналаримизни намойиш қилувчи саҳна кўринишлари, миллий ўйинларимиз ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистондан ташриф буюрган “Тасанно” ва “Стерео” мусиқий гуруҳлари хорижда юрт соғинчи билан яшаётган ўзбекистонликлар учун ҳақиқий Ватан муҳитини яратиб, тадбир жозибадор куй-қўшиқлар билан давом этди.

Германиянинг “Globalis Erlebnisreisen” сайёҳлик компанияси билан Германияда Ўзбекистон туризм имкониятларини кенгроқ тарғиб қилиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Тадбирда махсус ижодий бурчак ташкил этилиб, унда ўзбек халқ ҳунармандчилиги намуналари намойишга қўйилди ҳамда Ўзбекистон туризм салоҳиятига оид тарғибот материаллари тарқатилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегациясининг ташрифи давом этмоқда.

Манба: ЎзА.    

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг