ФИФАнинг янги формати ЖЧ–2026 дан бошлаб қўлланади. Унда терма жамоалар 16 та гуруҳга бўлинади ва ҳар бир гуруҳда 3 тадан жамоа ўрин олади. Гуруҳдаги энг яхши натижани қайд этган 2 жамоа плей-офф босқичига йўл олади. Учрашувлар сони ҳам 64 тадан 80 тагача оширилади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар беради.
ЖЧ–2026 турнирида иштирок этиш учун Европа мамлакатларига 16 та, Африка қитъасига 9,5 та, Осиёга 8,5 та, Жанубий Америкага 6,5 та, Шимолий ва Марказий Америкага 6,5 та ҳамда Океанияга 1 та квота берилиши кўзда тутилган.
ЖЧ–2026 турнири қаерда бўлиб ўтиши ҳали аниқланмаган. Мундиалга мезбонлик қилиш учун Ҳиндистон ва Хитой (биргаликда) ҳамда Эквадор, Боливия, Перу ва Парагвай (биргаликда) даъвогарлик қилмоқда. Канада ва Янги Зеландия Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқчи.
Маълумот учун, ЖЧ иштирокчилари формати еттинчи марта ўзгармоқда. 1998 йилдан буён Жаҳон чемпионатида 32 жамоа 4 тадан 8 гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этиб келмоқда. Ушбу формат ЖЧ–2018 (Россия) ва ЖЧ–2022 (Қатар) турнирларида сақланиб қолади.