Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 17/03/2016 Фермер аёллар – юртнинг мустаҳкам таянчи
Фермер аёллар – юртнинг мустаҳкам таянчи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий- сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик ва фермерлик соҳасида муносиб иштирокини таъминлаш, истеъдодларини рўёбга чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш учун барча шароитлар яратилган.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши ҳамда вилоят Фермерлар кенгаши ҳамкорлигида Гулистон туманидаги “Орол неъматлари” фермер хўжалиги дала шийпонида “Фермер аёллар” лойиҳаси доирасида “Қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш – кўп тармоқли фермер хўжаликларининг устувор вазифаси” мавзуида ташкил этилган амалий мулоқотда ана шу ҳақда сўз юритилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг парламентдаги фракцияси аъзолари, тегишли соҳа вакиллари, фермер, тадбиркор ва ишбилармон хотин-қизлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугун Ўзбекистонда хотин-қизларга эътибор ниҳоятда катта. Бугун қай бир соҳага қараманг, уларда, албатта, аёлларларимизнинг фаоллигига, жонбозлик билан меҳнат қилаётганига амин бўласиз. Албатта, бу юртимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида аёллар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганидан далолат.

– Бугун вилоятда 6 минг 118 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, улардан 1 минг 441 тасини кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этади, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раисининг Аёлар масалалари бўйича ўринбосари Покиза Ахмеджонова. – Эътиборлиси, мазкур фермер хўжаликларининг 280 тасида хотин-қизларимиз раҳбарлик қилиб, мамлакатимиз равнақи учун ўз улушларини қўшиб келмоқда. Мазкур ҳаракатларда албатта, O‘zLiDeP нинг ҳам алоҳида ўрни борлигини мамнуният билан қайд этиш лозим. Боиси, ҳозирда партия аёллар тадбиркорлиги ва фермерликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масаласига кенг эътибор қаратиб, бу борада партиявий лойиҳалар доирасида амалий учрашувлар, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар мунтазам ўтказиб келинаяпти. Бу ўз навбатида, вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга, уларга қулай муҳит яратиш баробарида, бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилаяпти.

Тадбирда шунингдек, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали, чекка қишлоқларда фаолият юритаётган фермер аёлларга амалий ёрдам кўрсатишга катта аҳамият қаратиш лозимлиги эътироф этилди.

– Давлатимиз раҳбарининг яқинда хотин-қизлар байрами муносабати билан йўллаган табрикларини эшитиб, ана шундай жаннатмакон, жаннатмонанд юртда яшаётганимдан ниҳоятда фахрландим, – дейди «Сеҳрли макон сайқали» фермер хўжалиги раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Дилфуза Абдусатторова. – Чунки қутловдаги самимият ила айтилаётган тилаклар нафақат менга, балки фермер хўжалигимизда меҳнат қилаётган ҳар бир хотин-қизга ўзгача кайфият, маънавий қувват бағишлади. Айтиш жоиз, бизнинг фермер хўжалигимиз истиқлол йилларида ташкил этилган бўлиб, ҳозирда кўп тармоқли фермер хўжалигига айланди. Бугунги мулоқот биз учун жуда ҳам аҳамиятга молик иш бўлди. Боиси, мулоқот давомида тажрибали фермерлар билан фикр алмашиб, улардан фермерликнинг сир-асрорлари ҳақида кўплаб маълумотлар олдик. Мақсадим амалий мулоқот давомида соҳа мутахассисларидан олган билим ва кўникмаларимни амалда қўллаган ҳолда, келгусида турли йўналишларда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиб, бу орқали қишлоқдаги хотин-қизларнинг иш билан бандлигини таъминлашга эришамиз.

Тадбир сўнггида соҳа мутахассислари томонидан хотин-қизларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб берилди. Шунингдек, “Соғлом она ва бола” Давлат дастури” доирасида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг