Фарзандини ноқонуний диний таълим олишга жалб этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Қонунга асосан,“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги, улар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотларга ёхуд махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълимни амалга ошираётган шахсларга диний таълим олиш учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.