Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев Қўқон университетида яратилган шароитлар билан танишди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги қарори асосида ташкил этилган ушбу таълим маскани 6 минг 400 ўринга мўлжалланган. Ўқув бинолари, 500 ўринли 2 та талабалар турар жойи ҳамда ахборот-кутубхона марказида ёшлар учун барча шароит яратилган. Талабаларга 233 нафар профессор-ўқитувчи сабоқ бермоқда.
Бу ерда хорижий университетлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, 80 га яқин хорижий университет билан шартномалар имзоланган. Университет Туркий тилли давлатлар университетлари кенгаши аъзоси. Ўтган ўқув йилида Кенгашнинг таълим грантлари асосида 22 нафар ўқитувчи Туркия, Озарбайжон, Қозоғистонда малака ошириб қайтди. 15 нафар хорижлик ўқитувчи эса Қўқон университетида малака оширди.
Ҳудудда олти қаватли, икки минг ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қурилмоқда. Бу ерда ўқув хоналари, фан лабораториялари, типография жойлашади. Шунингдек, икки қаватли “Ёшлар IT академияси” барпо этилмоқда. Уларни шу йил сентябрда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
2022 йилда университетнинг туризм факультети учун минг ўринли янги бино барпо этилган.
Давлатимиз раҳбари миллий услубдаги ушбу мажмуани кўздан кечирди. Хориждан профессорларни таклиф этиб, дуал таълим тизимини кенг қўллаш, туризм ташкилотлари буюртмаси асосида талабаларни мақсадли тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Бу соҳада етук назарий ва амалий билимларга эга кадрлар ишлашини таъминлайди.
Шу ерда Фарғона туризм ҳалқасини яратишга оид концепция тақдимот қилинди.
Ўтган йили Фарғонага 430 минг хорижий турист келган. Лекин вилоятнинг тарихи, сўлим табиатига нисбатан қаралса, бу кам.
Фарғона туризм ҳалқасидан мақсад хорижий ва маҳаллий туристларнинг вилоятда қолиш муддатини 3 кундан 7 кунгача узайтириш, ташриф объектлари сонини 2 баробар оширишдир. Бунинг учун Фарғона, Олтиариқ, Қува, Учкўприк туманларидаги диққатга сазовор жойлар туризм йўналишларига киритилади. Умуман, ҳалқада 577 та маскан бўлади, 50 дан ортиқ савдо-хизмат турлари тақдим этилади.
Президентимиз университет ёнидаги Тепақўрғон археология ёдгорлигини ҳам кўздан кечирди.
Ёдгорлик шаҳар ёшини аниқлагани ҳамда қадимги ўрда ўрнида жойлашгани билан аҳамиятлидир. Яъни бу ер Қўқон шаҳрининг энг қадимий асосидир.
Хўқанд милодий эра бошларида нафақат йирик шаҳар, балки кичик давлат пойтахти бўлган. У ҳақда кўплаб тарихий манбаларда ёзилган. Қўрғон харобага айлангач, узоқ йиллар давомида қабристон бўлган. Бу ерда кўплаб аллома, адиб ва мударрислар дафн этилган.
Ушбу ёдгорлик 2019 йилда моддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритилган. 2022 йилда олиб борилган археологик қазув ишлари натижасида ёдгорлик аркининг тузилиши аниқланган.
Давлатимиз раҳбари мазкур археологик ёдгорликни реконструкция ва консервация қилиб, "очиқ осмон остидаги музей"га айлантириш ташаббусини билдирди.
- Зиёрат ўзи хайрли иш. Лекин миллат тарихини зиёрат қилиш янада улуғ неъмат. Бу ерда ана шундай шароит яратиш керак. Бу одамларга, айниқса, ёшларимизга ҳам билим, ҳам ғурур беради. Қўрғон ҳақида чет эллардаги манбаларни ўрганиб, маълумотларни бойитиб бориш ҳам зарур, - деди Президент.