Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 25/01/2016 Фарғона вилоятида 584 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди
Фарғона вилоятида 584 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Фарғона вилоятида 2015 йили ЯҲМнинг ўсиш суръати 8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 7, чакана товар айланмаси 14,6 ва хизматлар кўрсатиш 18,3 фоизга ўсди.

Ҳисобот даврида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, инвестиция жалб этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 584 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 3 минг 881 истиқболли лойиҳа амалга оширилди.

Бу, ўз навбатида, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ҳудудий экспорт ҳажмини сезиларли даражада оширишни таъминлади – 489 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган инвестицион муҳит ва зарур шароитлар туфайли ҳудудда кичик бизнес субъектлари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ўтган йили 2 минг 260 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 812 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 63,2 фоизга етди. Шунингдек, кичик бизнес субъектларига қулайлик яратиш мақсадида 2016 йил 1 январдан бошлаб, барча шаҳар ва туман ҳокимликларида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатувчи “ягона дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда тадбиркорларга 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиш ушбу марказлар томонидан амалга оширилмоқда.

“Кексаларни эъзозлаш йили” вилоят ҳудудий дастури доирасида ёши улуғ инсонларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга барча манбалар ҳисобидан 676 миллиард сўм ҳамда 39,5 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилди.

Инвестиция дастури доирасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 57 аҳоли яшаш пунктида 32 қудуқ қазилди, 55 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. Бу 76 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик сувига бўлган талабини яхшилаш имконини берди. 30 қишлоқ массивида бир минг ўн тўққиз намунавий лойиҳа асосидаги уй-жой фойдаланишга топширилди.

Йиғилишда айрим соҳаларда мавжуд имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётганига эътибор қаратилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Фарғона вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг