Валюта курслари 08/05/2025
$1 – 12910.15
UZS – -0.11%
€1 – 14660.77
UZS – 0.27%
₽1 – 159.78
UZS – -0.1%
Қидириш
Иқтисод 21/04/2025 Фарғона вилояти ҳокими Хитойнинг Шандун провинцияси билан ҳамкорликнинг янги имкониятларини муҳокама қилди

Фарғона вилояти ҳокими Хитойнинг Шандун провинцияси билан ҳамкорликнинг янги имкониятларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойга ташрифи давомида Шаньдун провинцияси партқўми раҳбари Лин У билан учрашди. Унда икки ҳудуд ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари юқори динамикада ривожланиб бораётганлиги таъкидланди.

Шаньдун - Хитойнинг қадимий ва айни пайтда энг жадал ривожланган провинцияси, маданий ва фалсафий марказларидан бири ҳисобланади.

Самимий мулоқот чоғида Шаньдун ва Фарғона вилояти ўртасида ҳамкорлик алоқалари самарали йўлга қўйилганлиги, бугунги учрашувлар доирасида ушбу ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганлиги қайд этилди.

Фарғона вилояти тадбиркорлари бугунги кунда Шаньдун провинциясининг Цзинань, Дечжоу, Цзибо, Вэйфан каби шаҳарлари билан интенсив алоқаларни олиб бориб, қиймати 500 млн доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар устида ишлаётганлиги маълум қилинди.

Шандьун вилояти имкониятларидан кенг фойдаланиш, ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада кенгайтириш борасида таклифлар билдирилди.

Шаньдун билан замонавий технологиялар, электротехника, тўқимачилик, мисни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, туризм, IT, каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш айтиб ўтилди.

“Фарғона-Шаньдун яшил саноат парки” ни ташкил этиш, маданият кунларини ўтказиш таклифи билдирилди.

Вилоят раҳбари жадал ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли керакли натижаларга ва истиқболли лойиҳаларда катта муваффақиятларга эриша олишлигини таъкидлади.

Учрашув якунида билдирилган масалалар ва таклифлар бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, ҳамкорликдаги ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Шаньдун провинцияси Цзинань шаҳридаги саноат зонасида жойлашган "Shandong Oubiao Information Technology Co., Ltd" компаниясининг фаолияти билан ҳам танишди.

Компания 2014 йилда ташкил этилган, сув хўжалигини "ақлли" бошқариш, қишлоқ хўжалиги учун инновацион технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Илм, тажриба ва ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олган бўлиб, Япония, Жанубий Корея, Веътнам ва Қозоғистон билан ҳамкорлик йўлга қўйилган Қишлоқ хўжалигида сувни тўғри тақсимлаш, бошқариш каби кўплаб функцияларга эга технологиялар тўлиқ рақамлаштирилган, қуёш панели билан ишлайди.

Вилоят раҳбари компания расмийлари билан мазкур йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ва тежашда замонавий технологияларни жалб этиш муҳимлигини, бунда компания томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни вилоят мисолида тажрибадан ўтказиш ва корхона очиш таклифи билдирилди.

Компания вакиллари вилоятимизга бориб, имкониятлар билан танишиш ҳамда ҳамкорликда лойиҳаларни бошлашга келишилди.

Шаньдун провинциясининг Цзинань шаҳрида “Янги Ипак йўли кўприги — Шаньдун ва Ўзбекистоннинг ҳамкорликдаги ривожланиши” мавзусида Фарғона-Шаньдун бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят расмийлари ва тадбиркорларидан иборат делегация ҳамда 150 нафарга яқин шаньдунлик ишбилармонлар иштирокидаги форум икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда ўзига хос мулоқот майдони бўлди.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар янги босқичда давом этаётганлигини, бу ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллашишига хизмат қилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Айниқса, Шаньдун провинциясидаги компания ва тадбиркорлар билан вилоятимизда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Барча йўналишлардаги ташаббус ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилиб, ишбилармон доира вакилларини Фарғонага таклиф қилди.

Шаьндун Савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари Сун Мэйцзюй икки ҳудуд иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш хусусида сўз юритди.

Бизнес форумда вилоятнинг инвестицион имкониятлари ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Форум давомида шаньдунлик ишбилармонлар биргаликда амалга ошириш учун ўнлаб турли соҳа ва йўналишларни қамраб олган лойиҳавий таклиф ва ташаббуслар тақдимотини ўтказди.

Бундан ташқари, "Woerde Group" компанияси Фарғона вилоятининг бу ердаги вакили этиб тайинланганлиги маълум қилинди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Шаньдун провинциясидаги йирик ишлаб чиқариш тармоқларига эга "Woerde Group" компанияси президенти Шан Сюэмэй бошчилигидаги ишбилармонлар билан учрашув ўтказди.

Мазкур компания қурилиш индустрияси, логистика, консалтинг, туризм, маданият каби йўналишларда фаолият кўрсатади, 43 та корхоналарни ўзида бирлаштирган.

Учрашувда компания томонидан олиб борилаётган ишлар, маҳсулотлар тақдимот қилинди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу каби кластерга эга корхоналар учун Фарғонада лойиҳалар амалга оширишда қулай имкониятлар борлигини билдириб, ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.

Учрашувда ҳамкорлик шартномаси тузилиб, компания вакиллари билан амалий ишларни бошлашга келишилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг