Фарғона вилояти ҳокими ва Исроил элчиси минтақадаги ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятимизда бўлиб турган Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустигни қабул қилди.
Учрашувда таълим, тиббиёт, туризм, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, сув тежамкор технологиялар, асаларичилик ва экспорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама манфаатли муносабатларни ривожлантириш мақсадида мавжуд имкониятлар кўриб чиқилди. Исроил давлати элчиси ташриф давомида Фарғона вилоятида амалга оширилаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишганини ва катта таассуротларга эга бўлганини таъкидлади.
Хусусан, Фарғона шаҳридаги Экошаҳар — “Янги Ўзбекистон” массивидаги яратувчанлик ишлари, саноат зонаси ва янги лойиҳаларга юқори баҳо берди. Мулоқот чоғида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди. Билдирилган таклифлар асосида келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.