Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 28/08/2023 ФАО халқаро эксперти Фарғона шаҳридаги AKIS минтақавий марказлари ходимлари учун тренинглар ўтказди
ФАО халқаро эксперти Фарғона шаҳридаги AKIS минтақавий марказлари ходимлари учун тренинглар ўтказди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг AKIS бўйича халқаро маслаҳатчиси, шунингдек, Гент университети (Бельгия) мутахассиси ва Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича доимий қўмита (SCAR) аъзоси Силвия Бурссенс Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги AKIS (Agricultural Knowledge and Innovations System - Аграр соҳада билим ва инновациялар тизими) марказлари ходимлари учун икки кунлик тренинг ўтказди. 

Тренингнинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимлари концепцияси ва ёндашуви ҳақида тушунча бериш, AKIS вилоят марказлари ходимларини ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибалар билан таништириш, уларнинг салоҳиятини ошириш, шунингдек, «жонли лабораториялар»нинг асосий тамойилларини қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришнинг самарали воситаси сифатида кўриб чиқишдан иборат.

- ФАО таърифига кўра, AKIS – бу қишлоқ хўжалиги соҳасидаги турли муассасалар кўмагида инновацияларни жорий этадиган иштирокчилар (шахслар, ташкилотлар, корхоналар) тармоғи. Тўғри йўлга қўйилган AKIS фаолияти тадқиқот ва амалиёт ўртасидаги тафовутни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга, бу эса қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун инновацияларни жорий этишни тезлаштиришга имкон беради. Бу жараёнда фермерлар асосий рол ўйнайди, чунки улар бу билимларнинг барчасини далада қўллайдилар, - деди AKIS халқаро маслаҳатчиси Силвия Бурссенс. - AKIS самарали ишлаши учун миллий, минтақавий ва маҳаллий даражада яхши ташкил этилган бошқарув ва мувофиқлаштириш механизмлари зарур.

Тренинглар давомида таъкидланганидек, «жонли лабораториялар»нинг афзаллиги шундаки, улар маҳаллий ёки минтақавий контекстда бир нечта иштирокчиларни бирлаштириш орқали интерактив янгиликларни тарғиб қилишади. Силвия Бурссенс таъкидлаганидек, «жонли лабораториялар» қишлоқ жойларида рақамли трансформацияни қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнайди, чунки улар ҳамкорлик учун ҳақиқий платформани тақдим этади, бу ерда манфаатдор томонлар биргаликда инновацион рақамли ечимларни яратиш, синаб кўриш ва амалга ошириш учун ўзаро ҳамкорлик қилишлари мумкин. Шу билан бирга, «жонли лабораториялар» қишлоқ жойларининг маданий, ижтимоий, иқтисодий ва географик шароитларини ҳисобга олган ҳолда рақамли ечимларни мослаштиришга имкон беради.

Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида асаларичилик ва иссиқхона хўжалиги бўйича иккита «жонли лабораториялар» мавжуд бўлиб, машғулотлар давомида уларнинг фаолияти таҳлил қилинди. Бундан ташқари, «жонли лабораториялар»нинг кейинги молиявий барқарорлигини таъминлаш учун давлат-хусусий шериклик имкониятлари кўриб чиқилди.

Тренинглар ФАО ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Қишлоқ хўжалигини рақамли трансформация қилиш учун зарурий шарт-шароитларни яратиш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа 2023 йил март ойида бошланган ва бутун қишлоқ хўжалиги-озиқ-овқат секторини рақамли трансформация қилишга қаратилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг