ФАО ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш мақсадида ер қонунчилигини модернизация қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида “Ер кодексини қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида халқаро экспертлар иштирокида Ўзбекистонда ер муносабатлари ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли муҳокамалар ўтказилди.
Мазкур техник ҳамкорлик лойиҳаси Ўзбекистоннинг ер бошқаруви тизимини халқаро илғор тажрибаларга мувофиқ модернизация қилиш, ер муносабатлари ва ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, ер ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг самарали бозорини шакллантиришга йўналтирилган.
ФАОнинг халқаро экспертлар гуруҳи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институти, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, делегация Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мутахассислари билан ҳам алоҳида мулоқотлар олиб борди.
— Ушбу миссия Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигида ер бошқаруви тизимини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлигимизда муҳим қадам ҳисобланади, — деди лойиҳа координатори Наримон Нишонов. — ФАО экспертлари томонидан илгари сурилган тавсиялар ер ислоҳотларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш билан бирга миллий устувор йўналишларни ҳам қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ер мулкини масъулиятли бошқариш бўйича халқаро мезонлар асосида тенглик, ошкоралик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, экспертлар Сирдарё вилоятининг Оқолтин ва Сардоба туманларида қишлоқ хўжалиги ерларини бошқариш амалиётини ҳам ўрганди.
Ўтказилган таҳлиллар ва маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон ер қонунчилигини такомиллаштириш, мамлакатнинг иқтисодий тараққиёт мақсадлари ҳамда барқарор ер бошқаруви тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.