Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 12/03/2022 ФАО Оролбўйи минтақасида боғдорчиликнинг инновацион усуллари ва сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишни тарғиб қилмоқда
ФАО Оролбўйи минтақасида боғдорчиликнинг инновацион усуллари ва сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишни тарғиб қилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) қишлоқ хўжалигидаги инновацион тажрибаларни Оролбўйидаги уй хўжаликлари даражасида тарғиб қилиш мақсадида тренинглар сериясини давом эттирмоқда. 9-11 март кунлари Қорақалпоғистон республикасининг Қўнғирот туманида Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси билан ҳамкорликда боғдорчилик ва сувни тежайдиган технологиялар бўйича тренинглар ташкил этилди. Тренинглар аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан заиф қатламлари вакиллари салоҳияти, билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг ер ресурсларидан самарали фойдаланишлари ва шу орқали ўз оилалари даромадларини оширишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.

Ўқув машғулотлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик Жамғармаси ва ФАОнинг Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. Қўшма лойиҳа БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди томонидан молиялаштирилади.

Боғдорчилик бўйича ўқув машғулотларида деградацияга учраган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ерларнинг унумдорлигини ошириш, минерал ва органик ўғит турлари, ишлатиш меъёрлари каби масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, асосий эътибор томорқа ер майдонларида шўрланган тупроқларга мос бўлган уруғли мевали боғларни ташкил этиш ва томорқалардаги кичик ҳажмдаги иссиқхоналарда цитрус меваларни етиштириш агротехнологиясига қаратилди. Бундан ташқари, иштирокчилар боғларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш усуллари, етиштирилган маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш ва сақлаш технологияларини ўрганиб, томорқа ерларида боғлар ташкил этишга давлат томонидан бериладиган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Сувни тежовчи технологиялар бўйича тренингда аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликларида томчилаб суғориш технологияларини жорий этиш, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тизимини аҳоли томорқаларида тўғри ишлатиш йўллари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг бошқа масалалари каби мавзулар ёритилди. Шунингдек, иштирокчилар ўз шахсий ёрдамчи хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун моддий-техник ва молиявий ресурлар билан таъминлаш борасидаги мамлакатимизда яратилган имконият ва имтиёзлар билан таништирилди.

Тренинг ташкилотчиларининг сўзларига кўра, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб этиш агросаноат мажмуасини янада жадал ривожлантириш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга ҳамда Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг