Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 28/11/2022 ФАО Ўзбекистоннинг қурғоқчилик ва шўрланишга мойил бўлган ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлайди
ФАО Ўзбекистоннинг қурғоқчилик ва шўрланишга мойил бўлган ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлайди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида Ўзбекистондаги қишлоқ аҳоли жамоаларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. Лойиҳанинг муҳим вазифаларидан бири қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шу жумладан мамлакатнинг қурғоқчиликка мойил ва шўрланган ҳудудларида янги истиқболли қурғоқчиликка ва шўрга чидамли экинларни жорий этиш, шунингдек, зарур жиҳозларни лойиҳанинг бенефициарларига беғараз етказиб бериш орқали амалга оширишдир.

CACILM-2 лойиҳаси доирасида ижтимоий-иқтисодий ёрдамнинг навбатдаги партияси Ўзбекистоннинг Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги мақсадли ҳудудлардаги фермер хўжаликлари ва бошқа ҳамкорларга етказиб берилди. Лойиҳа ўз ҳамкорларига 12000 кг кузги буғдой, 6000 кг арпа , 2500 кг ем-хашак нўхати, 1500 кг махсар, 1700 кг жўхори, 2000 кг жавдар ва 4000 кг тритикале уруғларини тақдим этди. 

«Мақсадимиз лойиҳа майдонларида юқори маҳсулдор қурғоқчиликка ва шўрланишга чидамли экинлар уруғчилиги амалиётини кенгайтиришдан иборат. Етказиб берилган навлар қурғоқчиликка ва шўрланишга жуда чидамли бўлиб, улар тўғридан-тўғри экиш сеялкалари билан экилади – бу технология сифат белгиси бўлиб, ресурсларни самарали тежаш, тупроқ унумдорлиги ва узоқ муддатда ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади. Буларнинг барчаси фермер хўжаликларига сертификатланган уруғларни сотиш орқали даромадларини ошириш имконини беради, шунингдек, лойиҳа майдонларида озуқа базасини мустаҳкамлаш ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдам беради. Лойиҳа жамоаси қурғоқчиликка ва шўрга чидамли экинларнинг уруғчилиги минтақадаги иқлим ўзгаришларини юмшатиш учун асосий омиллардан бири бўлишига умид қилади» деб қайд этди CACILM-2 лойиҳаси миллий координатори Мухаммаджон Қосимов.

Уруғлик олувчилар орасида "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий тадқиқот университети қошидаги Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ҳам бор. Зеро, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни такомиллаштириш мақсадида илмий тадқиқотлар, шунингдек, ўқув жараёнини қўллаб-қувватлаш CACILM-2 лойиҳасининг мақсадларига тўлиқ жавоб беради.

Лойиҳа жамоаси, шунингдек, бенефициарларга янги қишлоқ хўжалиги ускуналарини тақдим этиб, улардан фойдаланиш янада самарали деҳқончиликни ривожлантиришга ҳисса қўшади ва ҳосил етиштиришни кўпайтиради, меҳнат, харажат ва вақтни тежайди деган умидни билдирди. Жумладан, Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги қоракўлчилик фермер хўжалигига 3 та мотокултиватор ва 3 та кичик ўт ўриш машинаси топширилди, Бухоро вилояти Бухоро тумани ва Қашқадарё вилояти Қамаши тумани хонадонларига 5 та мотокултиватор ва 5 та чуқур қазгич берилди.

CACILM-2 лойиҳасини амалга оширишнинг муҳим таркибий қисми қишлоқ аҳолисининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг фаолиятига илғор тажрибаларни жорий этишдан иборат. Шу билан бирга, ресурслар тежайдиган қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2022 йил сентябрь ойида лойиҳа жамоаси Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган "Жовли бобо ўғли Бахтиёр" фермер хўжалигида Дала кунини ўтказди. Бу ерда ФАО мутахассислари кузги буғдойни нол ишлов бериш усули билан экишни намойиш этдилар. Экиш суғорилмайдиган шароитда 5-6 см чуқурликда амалга оширилди.

Қурғоқчилик ва шўрланиш хатарларининг олдини олиш бўйича ФАО мутахассиси Азиз Нурбеков фермерлар билан австралиялик тадқиқотчиларнинг ишлов бермасдан экиш технологиясини қўллаш тажрибаси билан ўртоқлашди. Орадан икки ой ўтгач, тадбир иштирокчилари бу борадаги натижаларни баҳолаб, ерга ишлов бермасдан экилган кузги буғдой кўчатлари аъло даражада униб чиққан, деган хулосага келдилар. Тавсия этилган экиш чуқурлиги оз миқдордаги ёғингарчилик шароитлари учун, шунингдек октябрь ойида кучли ёғингарчиликлардан кейин мақбул бўлиб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, CACILM-2 минтақавий лойиҳасининг асосий мақсади Марказий Осиё ва Туркияда қурғоқчиликка мойил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш кўламини кенгайтиришдан иборат. Ўзбекистонда ушбу лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унинг амалга оширилиши БМТнинг Чўлланишга қарши кураш Конвенцияси ва Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий Конвенциясини амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг