Жорий йилинг 3 май куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD) билан ҳамкорликда «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизими сиёсатининг устувор йўналишлари» мавзусидаги семинар ташкил қилди.
Семинар «Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш» лойиҳаси доирасида ўтказилди ва унда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда савдо соҳасида барқарорликни таъминлаш йўналишларида техник кўмак бериш каби ғоялар илгари сурилди.
Семинарда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, озиқ-овқат тизимлари бўйича миллий мувофиқлаштирувчилар, аграр ва озиқ-овқат соҳасидаги тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, корхоналар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашиб, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ва атроф-муҳитни яхшилаш учун аграр ва озиқ-овқат тизимларини ўзгартиришга яхлит ёндашув ҳақида хабардорликни ошириш, аграр ва озиқ-овқат тизимлари бўйича муҳим устувор йўналишлар ҳақида фикр алмашишди.
ФАОнинг «Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш» лойиҳаси минтақанинг аграр ва озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш, миллий салоҳиятни ошириш ва борада тегишли манфаатдор томонлар ҳамда вазирликларни жалб қилиш бўйича самарали ишлар олиб бормоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Арманистон, Босния ва Герцеговина билан бир қаторда диққат марказида бўлган учта давлатдан бири ҳисобланади. Минтақавий лойиҳанинг асосий мақсади сиёсатнинг асосий устувор йўналишларини аниқлаш учун тармоқлараро мулоқотларга кўмаклашиш, мавжуд маълумотларни вазирликлар ва тегишли манфаатдор томонлар ўртасида синергик қайта ишлаш имкониятларини таҳлил қилишдан иборат.
Семинарда аграр ва озиқ-овқат тизимларининг афзалликлари ҳамда сиёсат уйғунлигини қандай мустаҳкамлаш мумкинлиги ҳақида муҳим қўшимча маълумотлар ва тушунчалар тақдим қилиниб, келгусида ҳам лойиҳа доирасида бу каби долзарб масалалар кўриб чиқилиши таъкидланди.