Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 30/06/2022 ФАО Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотилишини камайтириш бўйича тавсиялар тайёрламоқда
ФАО Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотилишини камайтириш бўйича тавсиялар тайёрламоқда

Ҳар йили дунё миқёсида ишлаб чиқарилган барча озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми йўқолади ёки чиқиндиларга айланади. Ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқатнинг 40 фоизи йиғим-терим ёки қайта ишлаш босқичида йўқотилади (озиқ-овқат йўқотишлари). Ривожланган мамлакатларда худди шунча фоиздаги маҳсулот истеъмол ёки чакана савдо босқичида йўқолади (озиқ-овқат чиқиндилари). Шу билан бирга, уч миллиарддан ортиқ одам тўйиб овқатланмайди ёки соғлом овқат сотиб ололмайди. Сайёрамизнинг ҳар бир аҳолиси бу вазиятни ўзгартиришга ҳисса қўшиши мумкин.

30 июнь куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган "Ўзбекистонда озиқ-овқат йўқотилиши ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш бўйича стратегик йўл харитасини шакллантириш" мавзусидаги семинар ана шу масалаларга қаратилди.

Семинар давомида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотишлари ва озиқ-овқат чиқиндиларини бошқаришга оид қонунчилиги таҳлили, ушбу масалалар бўйича илмий-тадқиқот ва даладаги ўрганишлар натижалари бўйича маърузалар тингланди, шунингдек, маҳсулотларнинг йўқотилишини олдини олиш ва камайтириш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар баён қилинди. Сўнгра Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотилиши ва озиқ-овқат чиқиндиларининг олдини олиш ва камайтириш стратегияси лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

«Стратегиянинг қабул қилиниши Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари барқарорлигини яхшилашга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, бизнесни ривожлантириш учун янги имкониятлар очишга ёрдам беради. Бундан ташқари, озиқ-овқат йўқотишлари ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш Барқарор Ривожланиш Мақсадларига ва Барқарор ривожланиш бўйича 2030 йилгача бўлган даврдаги кун тартибига эришиш йўлидаги муҳим вазифадир», - дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Семинарда қайд этилганидек, Барқарор Ривожланиш Мақсадларининг 12.3-вазифаси «2030 йилга келиб, чакана ва истеъмолчилар даражасида жон бошига озиқ-овқат чиқиндиларининг глобал миқдорини икки баравар камайтириш ва таъминот занжирларида озиқ-овқат йўқотишларини, шу жумладан ўрим-йиғимдан кейинги йўқотишларни камайтиришни» кўзда тутади. Семинар иштирокчилари лойиҳанинг амалга оширилиши ушбу натижаларга эришишда ўз ҳиссасини қўшишига умид билдирдилар.

Семинар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ФАО-Туркия ҳамкорлик дастури (FTPP II) доирасида амалга оширилаётган "Марказий Осиё, Озарбайжон ва Туркияда озиқ-овқат йўқотилиши ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш" лойиҳаси доирасида ўтказилди. Лойиҳа Озарбайжон, Туркия ва Марказий Осиё давлатларига озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотилиши ва озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ёрдам беришга қаратилган бўлиб, озиқ-овқат тизимининг фермерлардан то истеъмолчиларгача бўлган барча соҳаларини қамраб олади.

Лойиҳанинг асосий бенефициарлари қишлоқ хўжалиги билимлари ва тажрибаларини тарқатиш бўйича мутахассислар, миллий муассасалар, нодавлат ташкилотлар ходимлари, шунингдек, турли фермерлар ва уларга алоқадор ташкилотлар вакиллари ва таъминот занжирининг бошқа иштирокчиларидир. 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг