Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 30/04/2024 ФАО Ўзбекистонда ўрмон экотизимларини таҳлил қилишнинг илғор усулларни илгари сурмоқда
ФАО Ўзбекистонда ўрмон экотизимларини таҳлил қилишнинг илғор усулларни илгари сурмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилаётган лойиҳа кўмагида Ўзбекистон ўрмон хўжалиги ходимлари ўрмон майдонларини ўрганишнинг замонавий усулларини муваффақиятли ўзлаштиришда давом этмоқдалар.

Глобал экологик жамғарма томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилояти Китоб Давлат ўрмон хўжалигида халқаро маслаҳатчи, Географик ахборот тизимлари (ГАТ) бўйича эксперт Надия Муратова (Канада) иштирокида амалий тренинг ўтказилди. Дала машғулотларида Китоб, Деҳқонобод, Поп ва Сирдарё ўрмон хўжалиги корхоналари мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда

«Яшиллойиҳа» лойиҳалаш институти вакиллари иштирок этди.

Ҳозирги шароитда ўрмон экотизимлари тўғрисидаги маълумотларга бўлган талаблар доимий равишда ортиб бормоқда, шунинг учун ўрмон хўжалигининг ахборот базасини ҳам ривожлантириб бориш зарур. ФАО/ГЭФнинг ушбу лойиҳаси ўрмон экотизимларини доимий мониторинг ва инвентаризация қилишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўрмонларни бошқариш технологияларини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда ўрмон хўжалигининг умумий ахборот тизимини ривожлантиришга қаратилган. Ўрмон ҳудудлари бўйича маълумотларни компютерда тўплаш учун илғор Field-Map технологияларидан фойдаланилган бўлиб, иштирокчилар тренинг давомида ушбу технология билан амалий ишлаш тартиби билан таништирилдилар. Field-Map - бу хариталаш ва ўлчаш иловалари учун турли хил электрон дала асбоблари билан ишлаши мумкин бўлган мослашувчан Географик Ахборот Тизимидир (ГАТ). ГАТ технологияларидан фойдаланган ҳолда олинган маълумотлар ўрмон хўжалиги хариталарини сақлаш ва янгилашни мақбуллаштириш имконини бериши таъкидланди. Замонавий дастурий таъминот ўрмон экотизимларини яхшироқ таҳлил қилиш, ўрмон ерларини инвентаризация қилиш ва доимий мониторинг қилиш учун хизмат қилади.

Тренинг давомида иштирокчилар ўрмонлар ва ўрмонлардан ташқаридаги ўсимликлар ҳақида, ердан фойдаланиш турлари ва ўрмон ресурсларининг таксометрик хусусиятлари тўғрисида маълумот тўплашнинг замонавий усулларини ўрганишди.

Инвентаризация натижаларидан ўрмонларни барқарор бошқариш режасини ишлаб чиқиш хужжатларини тайёрлашда фойдаланилади. Ўрмонларни тадқиқот қилишнинг тавсия этилган усуллари Халқаро ҳисобот стандартларига асосланганлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўрмонларини Миллий инвентаризация қилишда юқори самара бериши таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг