19 апрель куни Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида “Ерларни комплекс бошқаришнинг афзалликлари, ер деградациясининг нейтрал баланси кўрсаткичларининг роли ва уларнинг ҳаракатлантирувчи кучлари” мавзусида семинар ташкил қилди.
19-22 апрель кунлари Тошкентда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан ФАО билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда деградацияга учраган тупроқларнинг интеграллашган бошқаруви ва мелиорацияси: янги ёндашувлар ва ечимлар” мавзусидаги халқаро конференция дастурига киритилган. Мазкур конференция Ер куни ва университетнинг 105 йиллиги муносабати билан ташкил этилган.
Семинарда мамлакатимиз ва хориж олимлари, профессор-ўқитувчилар, халқаро ташкилотлар экспертларининг маърузалари тингланди. Маърузачилар озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминлаш учун деградацияга учраган тупроқларни комплекс бошқариш муҳимлигини таъкидладилар. Шунингдек, тадбирда тупроқ деградациясини олдини олишнинг замонавий усуллари тўғрисида ҳам сўз борди. Ўзбекистонда ер деградацияси омиллари, жумладан, ер деградациясининг миллий ва глобал кўрсаткичлари кўриб чиқилди.
“Халқаро ёндашув ер деградациясининг нейтрал мувозанатини қуйидаги учта асосий кўрсаткич бўйича кузатишни ўз ичига олади: ер қопламининг динамикаси, биомаҳсулдорлик динамикаси ва тупроқдаги органик углерод динамикаси. Мен ўз тақдимотимда ҳар бир кўрсаткичнинг роли, шунингдек, уларнинг ҳаракатлантирувчи кучлари – тупроқлар эрозияси ва шўрланиши, тупроқдаги углерод секвестрацияси жараёни ҳақида батафсил гапириб бердим”, - деб таъкидлади “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳасининг Бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов.
Семинар давомида GEF томонидан молиялаштирилаётган ҳамда ФАО томонидан амалга оширилаётган яна бир лойиҳа – “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг шўрланган тупроқларида экинларни етиштириш технологиялари тўғрисида ҳам маъруза қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон тупроқларининг ҳолати, ерлардан оқилона фойдаланиш, деградацияга учраган тупроқларни тиклаш ва унумдорлигини ошириш бўйича давлат стратегияларига оид маърузалар тингланди.
Ушбу семинарни ер деградациясининг нейтрал мувозанатини мониторинг қилиш бўйича халқаро стандартларни ердан фойдаланишни мониторинг қилишнинг мавжуд миллий тизимларига киритиш йўлидаги биринчи қадам деб ҳисоблаш мумкин. Глобал Экологик Жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси ҳосилдорликни ошириш ва деградацияга учраган ерларни тиклаш учун ер ва ўрмон ресурсларини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий этишга қаратилган бўлиб, бу ер деградациясининг миллий кўрсаткичларини яхшилаш имконини беради, шунингдек, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон экотизимларидан фойдаланиш барқарорлигини таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, Халқаро конференция дастуридан назарий қисмдан ташқари, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тупроқларни ўрганиш ва ушбу ҳудудларда қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги технологиялари билан танишиш мақсадида дала экспедициялари ҳам ўрин олган.
Шунингдек, конференцияда онлайн шаклда 100 дан ортиқ қатнашчи, жумладан Беларусь, Ҳиндистон, Мексика, Молдова, БАА, Россия, АҚШ ва Япония вакиллари иштирок этди.