Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 23/03/2023 ФАО Ўзбекистонда ер деградациясига қарши курашиш учун иқлимга мослаштирилган буғдой етиштиришни қўллаб қувватлайди
ФАО Ўзбекистонда ер деградациясига қарши курашиш учун иқлимга мослаштирилган буғдой етиштиришни қўллаб қувватлайди

2023 йил 23 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури» лойиҳаси Бошқарув кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Лойиҳа Глобал Экологик Жамғарма томонидан қўллаб-қувватланган ва экотизимларни сақлаш ҳамда ерларнинг деградациясига қарши курашиш учун барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини рағбатлантиришга қаратилган. Миллий ҳамкорлар Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигидир. Йиғилишда лойиҳанинг мақсад ва вазифалари тақдим этилди. 

2023 йилга мўлжалланган иш режаси ва бюджети кўриб чиқилди ва тасдиқланди, лойиҳани амалга ошириш бўйича стратегия ва келгусидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Лойиҳанинг мақсади ердан самарали фойдаланиш технологиялари ва табиатни муҳофаза қилиш ёндашувларини кенг жорий этишни рағбатлантириш, шунингдек, экотизим деградациясидан кўп фойда келтирадиган барқарор бошқарувга ўтишни амалга ошириш учун экологик тоза қиймат занжирларини яратишни рағбатлантиришдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-277-сонли қарори билан тасдиқланган Ҳаракатлар режасига ФАОнинг мазкур лойиҳаси киритилган.

Йиғилишда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигининг давомли кенгайиши глобал ўрмонларнинг 80 фоизини, дунёдаги чучук сувларнинг 70 фоизини, шунингдек, ландшафт деградацияси ва биохилма-хилликнинг йўқолишининг асосий омили бўлиб, глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг қарийб 30 фоизини ташкил этади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ушбу лойиҳаси Озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури (FOLUR)нинг асосий концепцияси шундан иборатки, глобал озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш сайёрамиз биохилма-хиллиги экологиясини ва соғлигини сақлашга ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури Лойиҳасининг миллий координатори Азиз Нурбеков - Биз экотизим деградациясининг олдини олиш учун ерни бошқаришнинг самарали технологиялари ва экологик ёндашувларни амалга оширамиз. Лойиҳамизнинг Ўзбекистонда амалга оширилиши натижасида 1 миллион тонна карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш, 50 000 гектар майдондаги ерларни екологик жиҳатдан тиклаш, яна 50 000 гектар майдонда биохилма-хилликни сақлашга ҳисса қўшиш, шунингдек, асосан буғдой етиштириладиган 300 000 гектар майдонда ерлардан фойдаланишнинг такомиллаштирилган усулларини жорий этиш режалаштирилганлигини маълум қилди.

Таъкидлаш жоизки, буғдой мамлакатимизда энг муҳим озиқ-овқат экинларидан биридир. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик буғдой импортчиси ҳисобланади. Ҳозирги кунда буғдой дони ишлаб чиқариш жараёнлари атроф-муҳитга сезиларли салбий таъсир кўрсатаётганлиги сабабли, ФАОнинг мазкур лойиҳасини амалга оширилиши иқлимга мослаштирилган ва экологик хавфсиз буғдой етиштиришга, шунингдек таъминот занжирларининг барқарорлиги ва инклюзивлигини таъминлашга ёрдам беради. Лойиҳа натижасида 2026 йилга келиб Ўзбекистоннинг барча тармоқлари ва ландшафтларида биологик хилма-хиллик бойиб бориши кутилмоқда: озиқ-овқат тизимлари такомиллаштирилади, ерларнинг тикланиши таъминланади ва агроэкотизимлар манфаати учун ердан барқарор фойдаланиш устувор бўлади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг