Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 26/05/2022 ФАО Наманган вилоятида “Дала куни”ни ўтказди
ФАО Наманган вилоятида “Дала куни”ни ўтказди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Наманган вилояти Бешкапа маҳалласида ташкил этилган “Дала куни” маҳаллий фермерлар учун катта байрам бўлди. Улар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида Корея Республикаси Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлигининг молиявий кўмагида ФАО ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Келажак авлод учун ақлли деҳқончилик” лойиҳаси доирасида эришилган натижаларни намойиш этишга муваффақ бўлишди.

Лойиҳанинг мазмун-моҳияти – илмий ёндашув ва илғор технологиялар асосида иссиқхоналарда экинларни етиштириш усулларини яхшилаш. Зеро, маълумки, сабзавотчилик Фарғона водийси қишлоқ аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бири бўлиб, фермерлар ўз томорқаси ва иссиқхоналарида март бошидан ноябрь ойининг охиригача сабзавот ва кўкатлар етиштиришади. Лойиҳа доирасида 20та томорқа хўжаликларида иссиқхоналар модернизация қилинди ва оптималлаштирилди. Бенефициарлар соғлом ўсимликлар етиштириб ва мўл ҳосил олиб, янги усулларнинг самарадорлигига ўзлари ишонч ҳосил қилишди. 

“ФАО лойиҳаси бизга доимо янги нарсаларни ўрганиш, замон билан ҳамнафас бўлиш нақадар муҳимлигини кўрсатди. Мен ўзим мева-сабзавот этиштириш бўйича агрономман, лекин ушбу лойиҳа давомида бизга ўргатилган бундай усуллар ҳақида билмас эдим. Мисол учун, иссиқхоналарда ҳарорат ва ёриғликни назорат қилиш учун соя тўрлари, шунингдек, юқори мустаҳкамликка эга бўлган махсус қоплама материалларидан фойдаланиш кам харажат билан юқори ҳосил олишга катта таъсир кўрсатар экан. Ўсимликларни ҳимоя қилишнинг такомиллаштирилган усулларини алоҳида таъкидламоқчиман, чунки бунинг натижасида инсон саломатлиги учун зарарли бўлган пестицидлар энди ишлатилмайди. Лойиҳа агроинновацияларни тарғиб қилади ва буни, ўрганиб, фермерлар ва уй хўжаликлари ўртасида кенг тарғиб қилиш керак”, - дейди Фарғона вилоятидан ташриф буюрган бенефициар Рахмонали Якубов.

“Дала куни” ФАОнинг халқаро экспертлари, лойиҳа бенефициарлари, фермерлар, маҳаллий аҳоли ва маъмурият вакиллари, шунингдек, хусусий сектор иштирокида ўтказилди. Лойиҳанинг манфаатдор томонлари иссиқхонада сабзавот етиштиришдаги янгиликлар ва замонавий усуллар билан яқиндан танишиб, эришилган натижаларни баҳолашди. 

“Мен ҳар учала лойиҳа ҳудудида оптималлаштирилган иссиқхоналарни бориб кўрдим ва лойиҳанинг биринчи йилги натижалари жуда муваффақиятли эканини ўз кўзим билан кўрдим. Қишлоқ хонадонлари энди иссиқхона хўжалигини яхшилаш, вақт ва ресурсларни тежаш мумкинлигини билишади. Замонавий томчилатиб суғориш тизимларининг жорий этилиши туфайли сувдан ҳаддан ташқари фойдаланиш камаймоқда, эрувчан озуқа моддалари ўсимликларнинг илдиз тизимига тўғридан-тўғри етиб бориши янада самарали бўлмоқда. Бундан ташқари, биоарилар иссиқхоналарда ўсимликларни чанглатиш учун ишлатилади. Бу вақтни тежайди ва ўсимликларни қўлда чанглатишни осонлаштиради. Бунинг натижаси яққол кўриниб турибди – бенефициарлар сифатли ва юқори ҳосил олишди”, – дейди лойиҳанинг етакчи техник мутахассиси Ҳафиз Мўминжонов.

Лойиҳа жамоаси иссиқхонада сабзавот етиштириш, санитария қоидаларига риоя қилиш, сув ва ўсимликларнинг озиқланишини бошқариш, тупроқни бошқариш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан комплекс ҳимоя қилиш ва бошқа кўплаб соҳаларда техник имкониятларни оширишга қаратилган қатор тренинглар ўтказди. Лойиҳа доирасида, шунингдек, йиғим-теримдан кейинги қайта ишлашни такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати ва маркетингни яхшилаш режалаштирилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг