Валюта курслари 18/04/2025
$1 – 12964.43
UZS – -0.23%
€1 – 14744.45
UZS – -0.12%
₽1 – 158.28
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 10/04/2025 ФАО майда шохли ҳайвонлар ўлатига қарши курашда Ўзбекистоннинг техник салоҳиятини мустаҳкамламоқда

ФАО майда шохли ҳайвонлар ўлатига қарши курашда Ўзбекистоннинг техник салоҳиятини мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ФАОнинг “Майда шохли ҳайвонлар ўлати  (МШХЎ) эпидемиологик ҳолатини ўрганиш” лойиҳаси доирасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига лаборатория учун сарф материаллари ва диагностика реагентлари топширилди.

Майда шохли ҳайвонлар ўлати — бу қўй ва эчкиларга юқадиган юқори даражада юқумли вирусли касаллик бўлиб, чорвачилик соҳаси ва фермерларнинг фаровонлиги учун жиддий оқибатларга олиб келади. Шу сабабли, бу касалликка қарши курашишда эрта диагностика ва самарали эпидемиологик назорат жуда муҳим аҳамият касб этади.

Топширилган материаллар замонавий ИФА ва ПЗР тўпламларини (вирусга қарши антителаларни аниқлаш учун), криопробирка, вакуумли қон олиш пробиркаларини ва игналари, бир марталик пипетка учларини, микроцентрифуга пробиркаларини ва халқаро стандартларга мос равишда лаборатория тадқиқотлари ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ёрдамчи материалларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, ветеринария мутахассислари ва фермерлар ўртасида МШХЎнинг белгилари, олдини олиш чоралари ва касалликни эрта аниқлаш аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида ахборот плакатлари ҳам топширилди. Ушбу материаллар ўқув тадбирларида ва мамлакат бўйлаб ветеринария пунктларида фойдаланилади.

Барча материаллар қўмитанинг тўғридан-тўғри тасарруфидаги муассасаларга тарқатилади ва мониторинг, диагностика ҳамда гумон қилинган ҳолатлар лаборатория текширувлари доирасида қўлланилади. Бу эҳтимолий тарқалишларга тайёргарликни кучайтириш ва тезкор жавоб қайтариш салоҳиятини оширишга ёрдам беради.

ФАО Ўзбекистонга ветеринария назорати ва лаборатория имкониятларини мустаҳкамлаш соҳасида техник кўмак кўрсатишда давом этмоқда, замонавий диагностика ва профилактика усулларини жорий этишга кўмаклашмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг