Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 18/05/2023 ФАО Марказий Осиё ва ундан ташқарида асаларичиликни барқарор ривожлантириш учун рақамли ечимларни қўллаб-қувватлайди
ФАО Марказий Осиё ва ундан ташқарида асаларичиликни барқарор ривожлантириш учун рақамли ечимларни қўллаб-қувватлайди

Бутунжаҳон асаларилар куни муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий ваколатхонаси томонидан асаларичиликни рақамлаштириш жараёнларини таҳлил қилиш ва келгусида ушбу йўналишдаги ишларни муҳокама қилиш мақсадида Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон ва Туркия мутахассислари иштирокида семинар ташкил этилди. Ўзбекистон асаларичилар уюшмасида «Асаларичиликда рақамли ечимлар: Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги амалиёт ва тажриба» мавзусидаги семинар гибрид форматда ўтказилди ва унда тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва хусусий сектор ҳамда илмий ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Асаларичиликда рақамли технологиялардан фойдаланиш соҳани ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади - дунёнинг турли бурчакларидаги қишлоқ аҳолиси инновацияларнинг муҳим афзалликларини аллақачон тушуниб етишган. Бироқ, бугунги кунда рақамли воситалар асосан синов режимида ишлайди ва уларнинг аксарияти фақат маълум географик минтақалар учун мослаштирилган. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Марказий Осиё минтақасида мобил ва интернет ресурслари етишмаслиги муаммоси мавжуд бўлмасада, қишлоқ аҳолисининг рақамли воситалар имкониятлари тўғрисида етарли даражада хабардор эмаслиги сабабли уларнинг салоҳиятидан ҳали ҳам тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шу муносабат билан ФАО асаларичилик соҳасига инновацияларни кенг жорий этишга кўмаклашмоқда ва бу борадаги улкан ютуқлардан бири Ўзбекистонда асаларичилар учун ишлаб чиқилган, қишлоқ ҳудудларида кенг қўлланилаётган инновацион ахборот алмашиш тизимидир. Келгусида Туркия ва Украинада шунга ўхшаш рақамли воситаларни жорий этишга кўмаклашиш режалаштирилган.

Асаларичилар учун инновацион ахборот алмашиш тизими ФАОнинг 2019-2021 йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган «Асаларичиликни барқарор ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган. Бу фойдаланувчиларга асаларичилик ишлари учун барча керакли ўқув ва статистик маълумотларни онлайн тарзда тақдим этадиган мобил илова ҳисобланади. Масалан, илова маълум бир ҳудудда бошқа асалари колонияларининг жойлашганлигини кўрсатувчи географик маълумотлар орқали асалари оилаларини мақбул жойлаштириш учун тўғри манзил белгилашга хизмат қилиши мумкин. Илованинг яна бир афзаллиги шундаки, у пестицидлардан фойдаланиш тўғрисида эрта хабар беради, бу эса фермерларга асаларилар ва ҳосилни йўқотмаслик учун ўз вақтида зарур чораларни кўриш имконини беради.

Семинар иштирокчилари ўз чиқишларида бутун дунёда қўлланиладиган асаларичилик учун мавжуд ИТ-инновациялар ҳақида гапириб, уларнинг афзалликлари ва минтақада жорий этиш имкониятларини муҳокама қилдилар, шунингдек асаларичиликни рақамлаштиришга таъсир қилувчи омилларни аниқладилар. Турли мамлакатлар мутахассислари юқори сифатли асал олиш учун рақамли ечимлар соҳасидаги ўз қарашлари ва илғор тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Бутунжаҳон асаларилар куни муносабати билан тадбирда асаларилар ва бошқа чанглатувчи ҳашаротларнинг экотизим саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, биохилма-хилликни сақлашдаги асосий роли алоҳида таъкидланди. 2023 йилда Бутунжаҳон асаларилар куни «Асалариларга эътибор — биз чанглатувчи ҳашаротлар учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг хавфсизлигини таъминлаймиз» мавзусига бағишланган ва қишлоқ хўжалигини юритиш усулларини такомиллаштириш орқали чанглатувчи ҳашаротлар учун дўстона қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини глобал даражада қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва уларни ҳимоя қилиш муҳимлигини эслатишга қаратилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг