Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Иқтисод 21/04/2024 ФАО, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва «Замин» фонди билан ҳамкорликда Фарғонада иссиқхона хўжалиги бўйича тренинг ўтказди
ФАО, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва «Замин» фонди билан ҳамкорликда Фарғонада иссиқхона хўжалиги бўйича тренинг ўтказди

Фарғонада иссиқхоначиликнинг энг ёш ишқибозлари – эко-мактаб ўқувчилари ҳамда уларнинг ўқитувчилари учун етакчи халқаро ва миллий экспертлар иштирокида тренинг бўлиб ўтди. Машғулотлар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда «Замин» халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида «Еcо-schools Uzbekistan» дастурининг иштирокчи-мактаблари учун «Ёш фермер» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Лойиҳа болаларда табиатга ғамхўрлик қилиш туйғуларини шакллантириб, глобал экологик муаммолар ва уларни шахс сифатида ҳал қилиш имкониятлари тўғрисидаги тушунчаларни шакллантиради.

Эко-мактаблар ҳудудларида қурилган ва махсус жиҳозланган иссиқхоналарда олиб борилган машғулотлар экологик таълим усулларидан бири бўлди. Болалар ўсимликларга ғамхўрлик қилишни, ўз қўллари билан турли хил экинларни етиштиришни ўрганадилар ва шу билан табиий ресурсларнинг қадрини ва улардан оқилона фойдаланиш зарурлигини англайдилар. Аввалроқ, ФАОнинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2)
минтақавий лойиҳаси томонидан 22 та шундай иссиқхона республикадаги ихтисослаштирилган мактаблар ва эко-мактабларига берилган эди. Кейинчалик Замин фонди томонидан молиялаштириш асосида яна 18 та иссиқхона қурилди.

Фарғонада бўлиб ўтган тренинг ҳам иссиқхоналарда экин етиштиришнинг янги усул ва технологияларини жорий этиётган CACILM-2 лойиҳаси ва ФАОнинг яна бир – “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси кўмагида ташкил этилди. ФАОнинг ушбу иккала лойиҳаси ҳам Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Тренингда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган 18 та эко-мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирок этишди.

«Атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш - ФАОнинг 2022-2031 йилларга мўлжалланган стратегик доиравий дастурига киритилган глобал миқёсдаги тўртта яшхилаш йўналишидан биридир. Бу соҳа иқлим ўзгаришига қарши курашиш, экотизимларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, масъулиятли истеъмол ва бошқа кўп масалаларни ўз ичига олади. Биз эса экологик масъулиятли ёш авлодни тарбиялашга ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз», — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Машғулотлар давомида ФАОнинг халқаро эксперти Гуидо Сантини иштирокчиларга «Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги» лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар ҳақидаги тақдимот қилиб, янги технологияларни жорий этиш Фарғона водийсида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш билан биргаликда минтақада экологик тоза қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ аҳолисининг даромадларини сезиларли даражада кўпайтириш имконини бергани ҳақида гапирди.

Мавзуни иссиқхонада сабзавот етиштириш бўйича катта агроном, ФАО мутахассиси Хайрулло Эсонов давом эттириб, мактаб ўқувчиларига иссиқхона хўжалиги асослари тўғрисида тушунча берди. Иссиқхона экинларини самарали суғориш, иссиқхона шароитида иқлим назорати ҳамда соғлом ва сифатли маҳсулот етиштириш имконини берувчи кимёвий пестицидлардан минимал фойдаланган ҳолда зараркунандаларга қарши комплекс курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув дастурига ФАОнинг "Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги" лойиҳасини амалга ошириш жараёнида такомиллаштирилган иссиқхоналар жойлашган Фарғона вилоятининг Фарғона тумани Дўстлик ва Новкент маҳаллаларидаги иккита хонадонга ташрифлар киритилган. Қишлоқ ҳонадонларига ташриф давомида замонавий ва янги жиҳозланган иссиқхоналарни бориб кўрган мактаб ўқувчилари аввалроқ мутахассислар томонидан ўқув жараёнида айтиб ўтилган иссиқхона хўжалигини юритишнинг янги усуллари самарадорлигини ўз кўзлари билан кўриб, баҳо бердилар.

Ўқувчилар қишлоқ аҳли билан дилдан суҳбатлашиб, ўзларининг барча саволларига жавоб олишди. Шу билан тадбир ўз ниҳоясига етди ва ёш иштирокчилар нафақат янги билимларга эга бўлишди, балки озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қанча вақт ва меҳнат талаб қилишини ҳамда атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш қанчалик муҳимлигини тушунишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг