Қамаши туманининг бир нечта оиласи ўз хўжалигини кенгайтириш ва шу орқали даромадларини ошириш учун янги имкониятларга эга бўлди. Туманидаги томорқа ер эгаларига беғараз ёрдам сифатида 14 та янги иссиқхонани топшириш тадбири бўлиб ўтди. Ёрдам ФАО ва ва Глобал экологик жамғарманинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳасининг глобал коронавирус инқирозига қарши ижтимоий-иқтисодий чоралар доирасида амалга оширилди.
«Ушбу ёрдамни кўрсатишга қарор қилиш орқали қишлоқ хўжалигини ишлаб чиқариш харажатларини иқтисод қилишни, пандемия ва карантин даврида ўз-ўзини озиқ-овқат билан таъминлашни, шунингдек, бутун дунёда вирус билан бўлган энг оғир вазият тугаганидан кейин томорқа ер эгаларига ривожланиш имкониятларини тақдим этишни мақсад қилдик», - деди лойиҳанинг минтақавий координатори Maхмуд Шаумаров.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда карантин даврида маълум қийинчиликларга дуч келган қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш мақсадида 31 та сув насослари, 10 та мото-култиватор, шунингдек 30 минг дона помидор, бодринг, бақлажон, қалампир кўчатлари ва 10,750 кг минерал ўғитни Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани аҳолисини қўллаб қувватлаш мақсадида етказиб берилди. Айни кунларда CACILM-2 лойиҳаси қишлоқ аҳолисига ёрдам беришни давом эттирмоқда ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Иссиқхоналарни қабул қилиш ва топшириш далолатномасини имзолаш маросими Қамаши тумани ҳокимлигида бўлиб ўтди. Ҳужжатга кўра, «Саркаш», «Бадахшон» ва «Лойқасой» қишлоқ фуқаролар йиғинларининг 14 хонадонларида янги иссиқхоналар ўрнатилди.
«ФАО томонидан кўрсатилган ёрдам темир дафтарда рўйхатда бўлган кам таъминланган оилалар, шунингдек карантин пайтида ишсиз бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар танлаб олинган. Ўтган йил давомида ФАОнинг туманимизда олиб бораётган лойиҳаси туфайли бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Биз энг чекка аҳоли пунктлари аҳолисини иш билан таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш, уларнинг турмуш даражасини ошириш мақсадида ҳамкорликни ривожлантиришда давом этамиз» - деди Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими Ботир Тоғаев.
Кейинчалик, ҳокимият вакиллари ва ФАО мутахассислари янги иссиқхоналарни ўрнатиш жараёни билан танишдилар, шахсий томорқа эгалари билан суҳбатлашдилар.
«Иссиқхона қулай ва замонавий. Унда турли хил зираворлар, кашнич ва саримсоқ каби экинларни экдик. Умид қиламизки, йил давомида турли экинларни етиштириб яхшигина даромад олишимиз мумкин. Агар ҳаракат қилинса, 10-15 миллион сўм фойда кўрамиз деган умиддаман. Кейинчалик Биз бодринг ва помидор етиштирамиз. Ёрдам учун миннатдорлик билдирамиз, менинг оилам жуда ҳам хурсанд. Бу бизнинг рўзгоримиз учун жуда катта ёрдам», - дейди янги кичик иссиқхоналардан бирининг эгаси Музаффар Жовқиев.
ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан яна 20 та янги кичик иссиқхонани топшириш маросими ҳам тез орада Бухоро вилоятининг Бухоро туманида бўлиб ўтади.