Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Спорт 02/03/2018 «Facebook»даги «Maslahat.uz» гуруҳи «Пахтакор» фан-клубига таклиф билан чиқди
«Facebook»даги «Maslahat.uz» гуруҳи «Пахтакор» фан-клубига таклиф билан чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Maslahat.uz» (https://www.facebook.com/groups) гуруҳида Мурод Холмирзаев «Пахтакор» клуби фан-клуби ҳамда ашаддий мухлисларига ўзига хос мурожаат ва таклиф билан чиқди. Қуйида ушбу таклифни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Куни кеча Испания чемпионатидаги «Эспаньол» ва «Реал» клублари ўйинини томоша қилаётган пайтимда, бир ҳолатга эътибор бердим: учрашувнинг 21 дақиқасида «Эспаньол» мухлислари ўрниларидан туриб, 1 дақиқа тинмай чапак чала бошлашди. Шарҳловчи буни қуйидагича изоҳлади: «2009 йилнинг 8 август куни мавсумолди йиғинларда «Эспаньол» клуби сардори, ҳимоячи ва 21-рақам эгаси – Дани Харке юрак ҳуружидан вафот этди. Ишқибозлар ўзларининг севимли футболчисини шу тариқа ёдга олмоқда. Бу «Эспаньол»нинг ўз майдонидаги ҳар бир ўйинида кузатиладиган ҳолат»...

Сўзимни нима учун айнан шу воқеа билан бошлаганимни пайқагандирсиз?..

Жуда бой тарихга эга «Пахтакор» футбол клубида ҳам ана шундай ёд олишга арзигулик сабаб бор. Бу 1979 йилнинг 11 август кунида Днепродержинск осмонида содир бўлган фожиадир.

Бутун ўзбек халқининг аза тутишига сабаб бўлган ўша машъум ҳодисани ҳар бир футбол ишқибози яхши эслайди. «Пахтакор»нинг 17 нафар футболчиси диспетчернинг хатоси туфайли ҳаётдан кўз юмган эди. Шундан буён халқимизга олам-олам қувонч ва шодликлар олиб келган бу йигитларни ҳар йили 11 август куни эслаймиз, уларнинг ҳақларига дуолар ўқиймиз.

Таклифим шуки, биз ҳам худди Европа футбол клублари ишқибозлари сингари эртага, 2 март кунидан бошлаб «Пахтакор» жамоасининг уй майдонидаги ҳар бир ўйини 79-дақиқасида «Пахтакор-79»ни ёдга олиб, ўрнимиздан туриб, 1 дақиқа олқишлайлик! Зеро, бу ҳолат марҳум футболчиларимизни эслаб, уларга бўлган чексиз ҳурматимизнинг ифодаси бўлсин!»

Мурод Холмирзаевнинг мазкур таклифидан сўнг, ўйланиб қолдик. Дарҳақиқат, 2 март куни соат 20:00 да “Пахтакор”-“Сўғдиёна” жамоалари ўртасида Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-туридан ўрин олган учрашув ўтказилади. Учрашувнинг 79-дақиқасида «Пахтакор-79»ни ёдга олиб, ҳурмат бажо келтириб, хотирлаш бизнингча яхши бўларди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг