ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик ва Сайлов бўйича департаменти маслаҳатчиси Ульви Ахундлу таркибидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) сайлов арафасидаги вазият ҳамда сайловга тайёргарликнинг бориши билан танишди, Марказий сайлов комиссияси, Олий Мажлис палаталари, Олий суд, ташқи ишлар ва адлия вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили, сиёситй партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар чоғида ДИИҲБ экспертларига Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви, сайлов қонунчилиги ва сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиёти соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида ахборот тақдим этилди.
Жорий йилнинг 21-октябрида ЕХҲТ ДИИҲБнинг расмий веб-сайтида ЭБМ экспертларининг Ўзбекистонга ташрифи натижалари бўйича ҳисобот эълон қилинди. Унда сайловни кузатиш мақсадга мувофиқлиги, унинг формати, давомийлиги ва кузатувчиларнинг зарур миқдори ҳақида қарор қабул қилинганлиги қайд этилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси халқаро стандартларга мувофиқ бўлажак сайловни транспарент ўтказишга тайёрлигини эътиборга олиб, Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ЕХҲТ ДИИҲБга Сайловни кузатиш бўйича миссия юборишни таклиф қилди.
Бунда миссия таркибига асосий гуруҳ билан бирга 28 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчиларни, шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 кишидан иборат қисқа муддатли кузатувчиларни киритиш таклиф этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, илгари ЕХҲТ ДИИҲБ Ўзбекистон Республикасидаги парламент ва президент сайловларига чекланган миссиялар юборган эди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиб, уч ой ичида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилишини билдирди ва 2016-йилнинг 4-декабрини – сайлов куни деб белгилади.
Бундан ташқари, ЭБМ экспертлари таъкидлаганларидек, сайлов кампаниясининг барча босқичлари қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилмоқда.
2015-йилнинг март ойида ўтказилган президентлик сайлови якунларига кўра шу йилнинг декабрь ойидаёқ “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганлиги ижобий баҳоланди. Бунда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга киритилган қуйидаги тузатишлар алоҳида ажратиб кўрсатилган:
– сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олишини енгиллаштирадиган, президентликка номзод кўрсатиш учун зарур бўладиган имзолар сони (5% дан 1% гача) қисқартирилганлиги;
– сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш шакллари, турлари ва усуллари тўғрисидаги норманинг мустаҳкамлаб қўйилганлиги;
– қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши, овоз бериш тартиб-таомили соддалаштирилганлиги;
– вақтинча яшаш жойида сайловчилар рўйхатига киритилиш имконияти;
– муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва жараёни белгиланганлиги, овоз бериш бошланишига бир кун қолганида “сукунат куни” ўрнатилиши назарда тутилган тузатишлар алоҳида қайд этиб ўтилади.
Ушбу янги нормалар ЕХҲТ ДИИҲБнинг аввалги тавсияларини инобатга олган ҳолда киритилганлиги ва умум эътироф этилган сайлов стандартларига мос эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Ҳисоботда алоҳида таъкидланганидек, сайловчилар рўйхатини тузиш тартиби, номзодлар кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаб тўпланган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиб-таомилини, сайловолди ташвиқоти ташкил этилишини ҳамда сайлов кампанияси молиялаштирилишини, шикоят ва аризалар кўриб чиқилишини, шу жумладан маъмурий ҳуқуқбузарликлар расмийлаштирилишини, шунингдек кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда бурчларига оид масалаларни тартибга солиб турувчи ҳужжатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан янгиланган.
Сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, уларнинг мажлисларида ОАВ вакиллари, сиёсий партиялар ҳамда халқаро кузатувчиларнинг кенг иштирок этиши, МСКнинг сайлов кампанияси билан боғлиқ барча материалларни оммавий ахборот воситаларида ва МСК веб-сайтида тезкорлик билан чоп этишга тайёр эканлиги экспертлар томонидан таъкидлаб ўтилган. Округ сайлов комиссиялари ходимларининг қарийб 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши кўрсатиб ўтилмоқда.
ДИИҲБ миссияси аҳолини бўлажак сайлов ҳақида кенг хабардор қилиш, участка сайлов комиссияларининг аъзоларини сайлов кампаниясининг турли жиҳатлари бўйича пухта тайёрлашга қаратилган қатор тренингларни бутун мамлакат бўйлаб ташкил этиш борасидаги МСК фаолиятини, шунингдек сайловчиларнинг, энг аввало ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқий маданиятини ҳамда электорал фаоллигини янада оширишга доир дастурлар рўёбга чиқарилаётганини қайд этди.
ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари томонидан тайёрланган ҳисобот қатор бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига олиб, улар Ўзбекистон Республикаси томонидан сайлов қонунчилигини, демократик сайлов ташкил қилиш ва ўтказилиши амалиётини такомиллаштириш соҳасида амалга оширган кенг кўламли ишлардан дарак беради.
Таъкидлаш лозимки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроия қўмитаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли ташкилотлар, шунингдек Европа, Америка, Осиё, Осиё-Тинч океани минтақаси ва МДҲ мамлакатлари парламентларининг, сайлов органларининг кўп сонли вакиллари ҳамда бошқа экспертлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази