Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 01/05/2024 Европа Иттифоқи, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда ФАО Ўзбекистонда соғлом экологияни сақлаш учун кучларни бирлаштирмоқда
Европа Иттифоқи, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда ФАО Ўзбекистонда соғлом экологияни сақлаш учун кучларни бирлаштирмоқда

Эскирган пестицидлар атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун сезиларли хавф туғдиради. Ушбу хавфли кимёвий моддалар кўпинча яроқсиз контейнерларда сақланади ёки чиқиндихоналарга кўмилади, ўз навбатида уларнинг оқими тупроқ, сув ресурсларини ва экинларни ифлослантиради, инсон ва ҳайвонлар саломатлигига катта хавф солади ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсир қилади. Эскирган пестицидларни хавфсиз тарзда йўқотиш ва қайта ишлаш техник жиҳатдан мураккаб ва қиммат тадбир ҳисобланади.

Шу муносабат билан Бирлашган миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосида “Хавфли кимёвий моддаларни самарали бошқариш учун техник кўмаклашиш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳанинг мақсад ва вазифалари 2024 йил 1 май куни Тошкент шаҳрида ҳукумат, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган кириш семинарида тақдим этилди. Иштирокчилар лойиҳанинг кўлами, концепцияси ва кутилаётган натижалар билан таништирилди. Томонлар иш режасини кўриб чиқдилар ва уни келгусида амалга ошириш шартларини келишиб олдилар.

«Биз собиқ қишлоқ хўжалиги аеродромлари ва бошқа ифлосланган ҳудудларни қайта хатловдан ўтказишимиз керак, охирги хатловдан ўтказиш 90-йилларда амалга оширилган бўлиб, унда 450 дан ортиқ собиқ қишлоқ хўжалиги аеродромлари аниқланган. Шуниси қувонарлики, биз БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) билан ҳамкорликда кимёвий моддалар ва чиқиндиларни тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ва институционал асосларини таҳлил қилдик ва баҳоладик», - деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимов.

Биз ўта хавфли пестицидлардан фойдаланишни камайтириш орқали уларнинг саломатлик ва атроф-муҳитга салбий таъсирини қисқартириш тарафдоримиз, ўз навбатида бу БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга катта ҳисса қўшади."
«Ўзбекистон ҳукумати ва ФАО билан ҳамкорлигимиз эскирган чиқиндиларни тозалаш, чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш ва пестицидлар чиқиндиларини қисқартириш орқали атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг намунасидир. Биз ҳамкорликда кимёвий чиқиндиларни бошқаришдан кўпроқ нарсага эришамиз. Зараркунандаларга қарши уйғунлашган курашиш, саломатлик ва экологик хавфлардан хабардор бўлиш қишлоқ хўжалигининг соғлом, экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлишининг калитидир», — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Техник ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма.

Қўшма лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалигида хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситаларининг самарадорлигини оширишга ҳамда қишлоқ хўжалигида ўта хавфли пестицидлардан фойдаланишни камайтиришга, шу жумладан, пестицидларни алмаштириш ва улардан фойдаланишни камайтириш бўйича муқобил усулларни жорий этиш ва илгари суриш имконини беради. Асосий эътибор қишлоқ хўжалиги ходимлари ўртасида ўта хавфли пестицидлардан фойдаланишни камайтириш зарурлиги тўғрисида хабардорликни оширишга қаратилади. Шу билан бирга, лойиҳа қишлоқ хўжалигида зарарли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар кўламини, жумладан, тупроқнинг ифлосланишига олиб келадиган эскирган пестицидлар ҳажмини аниқлаш имконини беради.

«Ушбу лойиҳа чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигидаги хавфли чиқиндилар бўйича янада сифатлироқ маълумотлар базасини яратиш ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш обектларини ташкил қилиш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳа қишлоқ хўжалигида фермерлар ва истеъмолчилар учун пестицидлардан фойдаланиш хавфини камайтирувчи барқарор усулларни кенг тарғиб қилишга ёрдам беради. Айниқса, муассасалар ва кенг жамоатчиликнинг қишлоқ хўжалигида хавфли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлардан хабардорлигини оширишга катта эътибор қаратилади», - деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенцияси ва Хавфли чиқиндиларни трансчегаравий олиб ўтиш ва уларни йўқ қилиш назорати тўғрисидаги Базель конвенциясининг аъзоси ҳисобланади. Янги қўшма лойиҳани амалга ошириш Ўзбекистоннинг хавфли кимёвий моддаларни бошқаришни тартибга солувчи бошқа халқаро шартномаларга, хусусан, халқаро савдода алоҳида хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан дастлабки асосланган розилик процедураси тўғрисидаги Роттердам конвенцияси ва Симоб бўйича Минамата конвенциясига қўшилиши масаласини кўриб чиқиш имкониятларини беради.

Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги асосидаги Экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва ФАОнинг қўшма лойиҳаси пировард мақсадда Ўзбекистоннинг Париж битими бўйича миллий мажбуриятларини бажариш салоҳиятини мустаҳкамлашга, миллий сиёсатнинг устувор йўналишларини амалга ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга эътибор қаратган ҳолда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг