Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги уфқларни кашф қилиш мақсадида кенг кўламли халқаро форум – Европа иқтисодий кунлари ўтказилди. Мазкур тадбирда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг ишбилармон доиралари ҳамда давлат идоралари вакилларидан иборат 400 дан ортиқ делегат иштирок этди. Форум доирасида очиқ мулоқотлар, бизнес алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 13 панель сессиялари ва давра суҳбатлари ва 30 дан ортиқ икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Еврокомиссия Раиси Урсула фон дер Ляен форум иштирокчиларига йўллаган табрик мактубларида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳар икки томон учун ҳам устувор вазифа эканини қайд этдилар.
Европа-Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) Бош котиби Ойбек Шайхов: “Сўнгги уч йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни олдинги ўттиз йиллик билан таққослаб бўлмайди. Форумда Европа хусусий сектори вакилларининг кенг иштироки Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқишни яна бир бор тасдиқлайди,” – деб таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бугунги кунда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда Европа капитали иштирокидаги мингга яқин корхона фаолият юритмоқда. Улар электротехника, машинасозлик, кимё, тоғ-конь металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва туризм соҳаларида фаолият олиб бориб, қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилди.
Форумнинг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистонда Бенилюкс Савдо-саноат палатасининг тантанали очилиши бўлиб, у икки томонлама бизнес алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим қадам бўлди.
Европа иқтисодий кунлари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва янги имкониятларни ўрганишга қаратилган кенг қамровли ташаббус сифатида ўтказилди. Форумнинг натижалари – янги келишувлар, икки томонлама алоқаларнинг мустаҳкамланиши ва қўшма ташаббусларнинг амалга оширилиши ўзаро ишончни янада ошириб, келгусида фаол ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
Европа иқтисодий кунлари тадбири Европа-Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) ҳомийлигида OECD ва ITC билан ҳамкорликда, Европа Иттифоқи томонидан молиявий кўмак билан ташкил этилди.